Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Ўзбекистон 27/03/2024 Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш тавсияларини изчил бажармоқда
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш тавсияларини изчил бажармоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессиясида Ўзбекистон Универсал даврий шарҳ доирасида мазкур Кенгаш тавсияларини мақбул даражада бажариб келаётган давлат сифатида эътироф этилди. Шу муносабат билан 25 март куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан мамлакатимизнинг БМТ ҳузуридаги Женевада жойлашган ваколатхонаси ва «UPR-Info» халқаро ноҳукумат ташкилоти билан ҳамкорликда айни мавзуда тадбир ўтказилди. 

Тадбирда Озарбайжон, Ирландия, Қирғизистон, Литва, Люксембург, Нидерландия, Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШ, Сьерра-Леона, Франция ва Швейцариянинг БМТ ҳузуридаги Женевада жойлашган доимий вакиллари, шунингдек, ЮНФПА, БМТТД каби халқаро ташкилотлар ҳамда “Justice for all international” халқаро ноҳукумат ташкилоти вакиллари иштирок этди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши президенти, элчи Омар Знибер тадбир иштирокчиларини қутлади. Офлайн ва онлайн тарзда бўлиб ўтган ушбу мулоқотга «UPR-Info» ноҳукумат ташкилоти Ижрочи директори Мона М’Бикай модераторлик қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов мазкур тадбирда онлайн иштирок этди ва сўзга чиқди. 

Маълумки, 2023 йил ноябрь ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий шарҳ бўйича ишчи гуруҳи Ўзбекистоннинг тўртинчи миллий маърузасини кўриб чиқди.

Мамлакатимиз вакили бу борадаги амалий ҳамкорлик ва фойдали тавсиялар учун БМТ Кенгашига аъзо давлатлар ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасига миннатдорчилик билдирди.

А.Саидов «UPR-Info» халқаро ноҳукумат ташкилоти Ўзбекистоннинг Миллий маърузасини тайёрлаш жараёнида делегациямиз аъзоларини самимият ва ишчанлик билан қўллаб-қувватлаганини эътироф этди. Шу муносабат билан ушбу халқаро ННТ раҳбарияти ва фаолларига ташаккур изҳор этилди.

Ўзбекистон ҳамкор давлатлар, бошқа манфаатдор томонлар ўртасида инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш бўйича илғор тажрибаларни алмашишнинг ўзига хос механизми сифатида Универсал даврий шарҳ жараёнига тўлиқ содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди. Биз Универсал даврий шарҳ мажбуриятлари ҳукуматлар томонидан ихтиёрий равишда қабул қилинишини ва яхши ният тамойили сифатида миллий даражада амалга оширилиши мисолида уни ҳурмат қилиш кераклигини эътироф этамиз.

Мамлакатимиз Универсал даврий шарҳ тавсияларини кўриб чиқишга ҳар доим ижобий ёндашиб келмоқда. Чунки Универсал даврий шарҳ амалий жараён бўлиб, унинг ёрдамида ҳар бир давлат инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаши, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича ўз мажбуриятларини бажариш бўйича амалга оширган саъй-ҳаракатлари самараларини юксак минбардан очиқ эълон қилиши мумкин. 

Янада муҳими, Универсал даврий шарҳ доирасидаги изчил фаолият асносида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор тажрибалар намуналари бутун дунё бўйлаб баҳам кўрилади. Ҳозирги вақтда айни йўналишда глобал кўламдаги шунга ўхшаш бошқа самарадор универсал механизмлар мавжуд эмас.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий шарҳ бўйича ишчи гуруҳи 2023 йил ноябрь ойида Ўзбекистоннинг тўртинчи миллий маърузасини кўриб чиқиши чоғида 80 дан ортиқ давлатдан 234 та тавсия билдирилди. Эътиборли жиҳати шундаки, мамлакатимиз Универсал даврий шарҳ тавсияларини бажаришга ҳамиша катта аҳамият беради. 

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳам ўз ҳукумати, парламенти, адвокатура ва фуқаролик жамиятининг ўзаро боғлиқ ролларининг тўғри ишлаши зарурлигини тасдиқлаган ҳолда, Универсал даврий шарҳ доирасида ўз миллий маърузаларининг кўриб чиқилиши юзасидан билдирилган тавсияларни мақбул тарзда бажариш учун барча манфаатдор томонлар билан фаол ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мослаштириш борасида ўз мажбуриятларида собитдир. Янги Ўзбекистон ўз ҳаётининг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий жабҳаларига таъсир кўрсатувчи шиддатли ислоҳотлари замирида инсон ҳуқуқларини биринчи ўринга қўяди, деб таъкидлади пировардида А.Саидов.

Тадбирда, шунингдек, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Консуэло Видал Брюс ва БМТ Тараққиёт дастурининг Женевадаги офиси директори Аги Вереснинг маърузалари тингланди. Муҳокамаларда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси раҳбари

Матилда Богнер, шунингдек, Франция, Сьерра-Леона ва Қирғизистоннинг БМТ ҳузуридаги Женевада жойлашган доимий вакиллари сўзга чиқди.

Маълумот учун: Ўзбекистоннинг Универсал даврий шарҳ доирасидаги биринчи миллий маърузаси 2009 йил 11 мартда ва тўртинчи миллий маърузаси 2023 йил 8 ноябрда кўриб чиқилган. Агар Ўзбекистон 2005 йилда Универсал даврий шарҳ доирасида фаолият олиб бориш учун асос яратишга ёрдам берганлиги инобатга олинса, мамлакатимиз бу борада 18 йилдан ортиқ амалий тажрибага эга эканлиги яққол аён бўлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг