Ўзбекистон ҳудудлари ва Россиянинг Томск вилояти ўртасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш бўйича навбатдаги вазифалар белгилаб олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров Томск вилояти губернаторининг иқтисодиёт, инвестиция сиёсати ва мулкий муносабатлар бўйича ўринбосари Василий Потёмкин билан музокара ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Василий Потёмкин учрашув аввалида Томск вилояти вакиллик делегациясининг шу йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "ИННОПРОМ. Марказий Осиё" бешинчи халқаро саноат кўргазмасидаги иштироки давомида кўрсатилган меҳмондўстлик учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон ҳудудлари ва Томск вилояти ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий соҳалардаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича ўтказилган самарали учрашувлар ва эришилган келишувлар ҳудудлараро шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
"Ўзбекистон Томск вилоятининг асосий ташқи иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлиб, савдо айланмаси бўйича бозор рейтингида 19,3 фоиз улуш билан иккинчи ўринда туради, – деди губернатор ўринбосари Василий Потёмкин. – Шу муносабат билан Ўзбекистон билан иқтисодий соҳада ҳамкорликни янада ривожлантириш Россиянинг ушбу минтақаси раҳбариятининг устувор йўналишларидан биридир".
Ўзбекистон бош консули аввал эришилган келишувларни, хусусан, саноат кооперацияси, нефть-газ ва кимё саноати соҳаларидаги келишувларни амалда татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратди.
Учрашувда "Ўзкимёсаноат" ва "Ўзбекнефтгаз" вакилларининг Томск шаҳрига сафарини ташкил этиш, Сирдарё вилояти ҳокимлиги раҳбарияти ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳамда Томск вилоятининг шу каби тузилмалари вакиллари ўртасида онлайн музокаралар ўтказишга келишиб олинди.
Томск вилояти билан маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Россия томони жорий йил август ойининг иккинчи ярмида Томск шаҳрида Ўзбекистоннинг маданий ва туристик салоҳияти тақдимотини, шунингдек, мамлакатимиз Мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирларини ўтказиш бўйича Бош консулхона ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Россия томони Томск университетларининг ўзбекистонлик талабалар учун квоталарини, жумладан, грант асосида ошириш имкониятини кўриб чиқилиши маълум қилди.