Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 11/10/2016 Ўзбекистон – Германия ҳукуматлараро комиссиясининг тўққизинчи мажлиси бўлиб ўтди
Ўзбекистон – Германия ҳукуматлараро комиссиясининг тўққизинчи мажлиси бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган немис миллатига мансуб фуқаролар масалалари бўйича Ўзбекистон – Германия ҳукуматлараро комиссиясининг тўққизинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари, ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси С.Нишонбоев, Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг ва бошқалар Ўзбекистон билан Германия ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган муносабатлар қарор топгани, бу ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожига хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳити ривож топди. Ўзбекистонда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ҳамжиҳат яшаб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқда. Тили, урф-одат ва анъаналарини сақлаб, маданиятини ривожлантирмоқда.

Мамлакатимизда “Видергебурт” немис маданият маркази фаолият юритмоқда. “Ўзбекистон – Германия” ва “Германия – Ўзбекистон” дўстлик жамиятлари халқларимиз ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Германияда Ўзбекистон, Ўзбекистонда Германия ҳақида кўрсатув ва кўргазмалар намойиш этилмоқда, биргаликда маданий тадбирлар, концертлар ўтказилмоқда. Мунтазам ташриф алмашувлар туфайли халқларимиз бир-бири билан яқиндан танишмоқда, ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамламоқда. Ўзбекистон Қизил ярим ой, Германия Қизил хоч, Германия техникавий ҳамкорлик жамиятлари ҳамкорлигининг амалий ифодаси бўлган тиббий-ижтимоий марказлар томонидан аҳолига сифатли тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда, деб хабар беради ЎзА.

– Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик қарор топган, миллий маданий марказлар фаолияти самарали йўлга қўйилган, – деди Германия Федератив Республикаси Федерал ҳукуматининг кўчиб ўтганлар ва кам сонли миллатлар масалалари бўйича вакили, ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси Хартмурт Кошик. – Ўзбекистонда барча миллат ва элатлар қатори немис миллатига мансуб фуқароларнинг ҳам эмин-эркин яшаши, таълим олиши, меҳнат қилиши, ўз ижодий қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча имкониятлар яратилгани бизни жуда қувонтиради. Ўзбекистон билан ҳамкорликни барча соҳалар қатори фан-таълим ва маданий-гуманитар йўналишларда ҳам янада ривожлантириш тарафдоримиз.

Тадбирда Ўзбекистонда истиқомат қилувчи немис миллатига мансуб аҳолини тиббий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ўзаро маданий, маърифий ва техник ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Мажлис якунлари бўйича қўшма коммюнике имзоланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг