Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Ўзбекистон 20/02/2024 Ўзбекистон гендер тенглигини таъминлашда қандай натижаларга эришди?
Ўзбекистон гендер тенглигини таъминлашда қандай натижаларга эришди?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари Ўзбекистонда 2018-2022 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) нинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) дан бири бўйича эришилган натижаларни таҳлил қилди.

Бешинчи мақсад бўлган «Гендер тенглигини таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» 9 та вазифа ва 10 та кўрсаткични ўз ичига олади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлашга қаратилган қатор қонунлар қабул қилинди. Улар:
- «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонун;
- «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида» ги қонун;
- «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги қонун;
- Оила кодексига киритилган ўзгариш ва қўшимчалар.

2030-йилгача барча соҳалар ва даражаларда аёллар ва эркаклар ўртасидаги тенглик тамойилини жорий этишга нисбатан комплекс ёндашувни кўзда тутувчи Ўзбекистонда гендер тенглиги стратегияси ва 2022-2026 йилларда мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар фаоллигини ошириш миллий дастури тасдиқланди.

Натижада турли идораларда аёллар эгаллаб турган ўринлар улуши ортди. Хусусан:
- Олий Мажлис Қонунчилик палатасида аёл депутатлар улуши 2018-йилдаги 12,6 фоиздан 2022-йилда 32,0 фоизга, Олий Мажлис Сенатида 20,0 фоиздан 25,0 фоизга ошди;
- таҳлил қилинаётган даврда раҳбар лавозимидаги аёлларнинг улуши 27,0 фоиздан 28,2 фоизга ошди.

2018-2022 йилларда бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилди:
- 20-24 ёш оралиғидаги аёллар ўртасида 18 ёшга тўлмасдан қонуний ва ноқонуний турмуш қурган аёллар улуши 2018-йилда 2,85 фоизни ташкил этган бўлса, 2022-йилда 0,05 фоизга камайди;
- 15-19 ёш оралиғидаги хотин-қизлар ўртасида жинсий муносабатлар, ҳомиладорликдан сақловчи воситалар ва репродуктив саломатликни сақлаш хизматларидан фойдаланиш бўйича мустақил қарорларни қабул қилувчилар (2021-2022 йиллардаги MICS кузатуви натижалари бўйича) 54,7 фоизни ташкил қилади; 
- 25 ва ундан катта ёшдаги аёлларнинг олий таълим даражаси (уй хўжаликлари танланма кузатувларига асосан ва тегишли гуруҳларга нисбатан) 2018-йилдаги 12,7 фоиздан 2022-йилда 13,8 фоизга ошди; 
- кўриб чиқилаётган даврда эркаклар ва аёлларнинг ўртача ойлик иш ҳақи ўртасидаги фарқ 38,6 фоиздан 34,0 фоизга камайди; 
- «Аёллар, бизнес ва қонун» глобал индексида Ўзбекистоннинг рейтинги 6,2 баллга яхшиланиб, 2022-йилда (жами 100 баллдан) 70,6 баллни ташкил этди;
- Gender Data Compass томонидан 2022-йилда эълон қилинган гендер маълумотларининг мавжудлиги рейтингида Ўзбекистон дунёда 185 та мамлакат орасида 56-ўринни, Марказий Осиёда эса 3-ўринни эгаллади. Open Data Watch маълумотларининг очиқлиги рейтингида мамлакат Марказий Осиё давлатлари орасида 1-ўринни ва дунёнинг 195 та давлати орасида 30-ўринни эгаллади.

5-мақсаднинг бажарилиши “Ўзбекистон-2030” стратегияси мақсадлари билан узвий равишда боғлиқ бўлиб, унда мамлакда гендер тенглигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилган ва қуйидаги вазифалар белгиланган: 
- хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш,
касб-ҳунарга ўқитиш ва ўзини ўзи банд қилишида кўмаклашиш;
- аёлларни тазйиқ ҳамда зўравонликнинг турли шаклларидан ҳимоялаш; 
- хорижий мамлакатларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чиқиб кетган хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
- жойларда хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларни сотишда кўмаклашиш, улар ўртасида тадбикорликни ривожлантириш.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг