Валюта курслари 02/04/2025
$1 – 12925.20
UZS – -0.09%
€1 – 13982.48
UZS – 0.32%
₽1 – 152.58
UZS – -1.27%
Қидириш
Технологиялар 29/03/2025 Ўзбекистон энг йирик Huawei Cloud саммитида ўзининг IТ салоҳиятини намойиш этди

Ўзбекистон энг йирик Huawei Cloud саммитида ўзининг IТ салоҳиятини намойиш этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — IT Park Uzbekistan делегацияси Хитойда ўтказилган “Huawei Cloud Go-Global Summit” тадбирида иштирок этди. Мазкур йирик анжуман булут технологияларини ривожлантириш, рақамли трансформация ва халқаро ҳамкорлик масалаларига бағишланди. Саммитда Ўзбекистон, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари, бизнес ва венчур фондларининг 800 дан ортиқ вакиллари қатнашди.

Саммит IТ соҳасидаги асосий йўналишлар, булутли ечимлар ва технологик компанияларнинг халқаро бозорларга чиқиши масалаларини муҳокама қилиш учун майдон бўлди. Тадбир доирасида молия, энергетика, технологиялар бўйича мавзули форумлар, давра суҳбатлари, шунингдек, кўргазмалар ва нетворкинг сессиялари ўтказилди.

“Huawei Cloud” ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. IT Park Uzbekistan вакиллари IТ-хизматлар экспорти бўйича муваффақиятли мисолларни тақдим этиб, мамлакатнинг халқаро IТ-компаниялар учун ташқи бозорларга чиқиш платформаси сифатидаги салоҳиятини таъкидладилар.

Расмий кўргазмада IT Park Uzbekistan стенди намойиш этилди. Унда миллий IТ-компанияларнинг халқаро майдондаги ютуқлари, рақамли секторнинг жадал ривожланиши, маҳаллий мутахассисларнинг касбий салоҳияти, шунингдек, Ўзбекистоннинг технологик бизнес юритиш учун рақобатбардош устунликлари акс эттирилди.

Ишбилармонлик дастури доирасида “Huawei Cloud” раҳбарияти билан икки томонлама учрашувлар, шунингдек, потенциал инвесторлар ва стратегик ҳамкорлар билан музокаралар ўтказилди.

IТ-аутсорсинг соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари, Ўзбекистон компанияларининг глобал бозорлардаги иштирокини кенгайтириш ва Марказий Осиёда рақамли инфратузилмани мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилди.

Ўзбекистон вакилларининг “Huawei Cloud Summit”даги иштироки мамлакатнинг глобал IТ-экотизимидаги ўрни тобора юксалиб бораётганини кўрсатади. “Huawei Cloud” билан ҳамкорлик каби ташаббуслар республикадаги стартаплар ва IТ-компаниялар учун янги имкониятлар яратиб, уларга халқаро бозорларга кириб бориш ва инвестицияларни жалб қилишда ёрдам беради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг