Ўзбекистон элчиси ШҲТ бош котиби билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) бош котиби Нурлан Ермекбаев билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мулоқот чоғида ШҲТга аъзо давлатларнинг ҳамкорлик кўлами, Ўзбекистоннинг ушбу халқаро ташкилот доирасида илгари сураётган ташаббусларининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Нурлан Ермекбаев Ўзбекистоннинг, айниқса, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш ва ўзаро бизнес алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик механизмларини янада такомиллаштиришга ҳамда барча мамлакатлар манфаатларига хизмат қилаётганини таъкидлади. Ушбу ташаббуслар ташкилот фаолияти доирасида фаол қўллаб-қувватланаётгани маълум қилинди.
Томонлар ШҲТга аъзо давлатлар, жумладан Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги серқирра муносабатларни янада ривожлантириш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.