Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги миссияси раҳбари, элчи Ғайрат Фозилов Европа кенгаши Президенти Шарль Мишелга ўзининг ишонч ёрлиқларини топширди. Маросим доирасида бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон-Европа муносабатлари кун тартибидаги бўлажак тадбирларга доир масалалар юзасидан фикр алмашилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Европа кенгаши Президенти Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи, умуман, Марказий Осиё минтақаси билан ҳамкорликнинг бугунги ҳолатига ижобий баҳо берди. У Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг прагматик ва яхши қўшничилик сиёсати Марказий Осиёда ижобий ўзгаришларга олиб келгани, минтақани барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида бирлаштирганини алоҳида таъкидлади.
Шарль Мишель, шунингдек, сўнгги йилларда биргаликдаги ишлар натижасида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланишнинг янги босқичига кўтарилганини қайд этди. ЕИ Европа ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга катта аҳамият қаратиши тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон элчиси Ғайрат Фозилов 2023 йил 5 декабрь куни Бельгия ва Европа Иттифоқи пойтахтига ташриф буюрган эди. У 2015–2017 ва 2021–2023 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган.2024 йил 7 февраль куни Ўзбекистон элчиси Ғайрат Фозиловнинг Бельгияликлар қироли Филиппга ишонч ёрлиқларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ғайрат Фозилов 2017–2023 йилларда Бельгия, Нидерландия ва Люксембургдаги элчи, Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи ва НАТОдаги (қароргоҳи Брюссель шаҳрида) ваколатхоналари раҳбари лавозимларида ишлаган Дилёр Ҳакимов ўрнига тайинланган. Бу янгилик икки томоннинг ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришга далолат беради.