Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Парижда Ўзбекистоннинг етакчи илмий марказлари, жумладан Марказий Осиё халқаро институти, Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази делегацияси вакиллари ҳамда Европада прогнозлаштириш ва хавфсизлик институти (IPSE) директори Эммануэль Дюпюи ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир давомида Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигининг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, икки мамлакат илмий-таҳлил марказларининг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йилда Францияга расмий ташрифи чоғида эълон қилинган ташаббусларини амалга оширишга доир масалалар алоҳида муҳокама қилинди.
Франциялик эксперт икки томонлама ҳамкорликнинг ўсиш суръати, Марказий Осиёдаги жараёнларнинг ривожланиши ҳамда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболларини юқори баҳолади.
Эммануэль Дюпюи Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган янги минтақавий ислоҳотлар туфайли, Марказий Осиёда қулай сиёсий муҳит яратилиб, бу ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Минтақада шаклланган жараёнлар Франциянинг Марказий Осиё давлатлари билан икки томонлама ва кўп томонлама шерикликни ривожлантириш йўлида кенг имкониятлар эшигини очмоқда.
Унга кўра, Франция Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш ва иқтисодиётни модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси мамлакатимиз ва бутун минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлашига, Марказий Осиёнинг жаҳон миқёсидаги геосиёсий аҳамиятини оширишига ишонч билдирди.
Учрашув якунлари бўйича Марказий Осиё мамлакатлари ва Европада прогнозлаштириш ва хавфсизлик институти вакиллари ўртасида қўшма дастур ва тадбирлар, жумладан, илмий-тадқиқот ишлари, семинарлар, конференциялар ва экспертлар учрашувларини амалга оширишга доир амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Маълумот учун, IPSE 1998 йилда Парижда ташкил этилган. Мазкур таҳлил маркази халқаро хавфсизлик ва дипломатик кун тартибидаги асосий тенденцияларни истиқболли таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратади.
Халқаро муаммоларни таҳлил қилиш ва уларни чоп этиш, турли семинарлар ва нашрлар ташкил этиш орқали тарқатиш мақсадида ташкил топган.
IPSE Европа хавфсизлигига дахлдор масалалар билан шуғулланадиган миллий ва Европа сиёсатчилари учун аниқ таклифларни ишлаб чиқади