Валюта курслари 28/08/2025
$1 – 12412.98
UZS – 0.47%
€1 – 14386.64
UZS – 0.01%
₽1 – 154.28
UZS – 0.23%
Қидириш
Иқтисод 28/08/2025 Ўзбекистон делегациясининг Германияга сафари — қишлоқ тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Ўзбекистон делегациясининг Германияга сафари — қишлоқ тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Қурбонов раҳбарлигида Ўзбекистон делегацияси Германия Федератив Республикасига ташриф буюрди.

Сафар давомида делегациянинг асосий мақсади – Германияда йўлга қўйилган бизнес-инкубаторлар фаолияти, мураббийлик тизими ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш тажрибаларини ўрганиб, уларни мамлакатимиз амалиётига татбиқ этишдан иборат бўлди.

Мюнхен шаҳрида делегация Бавария Шарқ-Ғарбий Бизнес Форум (OWWFB) ҳамда унинг халқаро бизнес ривожлантириш ва стратегия бўйича вакили Мурсал Ноорзай билан учрашув ўтказди.

OWWFB 2016 йилда Мюнхенда тузилган бўлиб, Бавария ва Шарқий Европани боғлайдиган бизнес майдони ҳисобланади. У 1968 йилдаги OWWC ва 1991 йилда ташкил этилган DOM ташкилотлари бирлашиши натижасида пайдо бўлган. Бугунги кунда форум Европа ва қўшни мамлакатлар билан иқтисодий ҳамкорлик ва тажриба алмашишда муҳим майдон сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Учрашув чоғида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, кундалик истеъмол товарларини ишлаб чиқаришда Германия тажрибасини жорий этиш масалалари муҳокама этилди.

OWWFB томонидан тақдим этилган илғор тажрибалар Ўзбекистон қишлоқ тадбиркорлиги ривожига қўшиладиган муҳим қадам сифатида баҳоланди.

Учрашув якунида семинарлар ташкил этиш, тажриба алмашиш ҳамда Германиялик мураббийлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг