Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Ўзбекистон 25/11/2024 Ўзбекистон делегацияси «Пекин+30» шарҳи бўйича Осиё-Тинч океани вазирлар конференциясида иштирок этди

Ўзбекистон делегацияси «Пекин+30» шарҳи бўйича Осиё-Тинч океани вазирлар конференциясида иштирок этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 19-21 ноябрь кунлари Таиланд давлати пойтахти – Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган «Пекин+30» шарҳлари бўйича Осиё-Тинч океани вазирлар конференцияси бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари М.Нурматова, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д.Муратовадан иборат мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.

Ушбу уч кунлик конференция БМТнинг Осиё-Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ҳамда “БМТ-Аёллар” тузилмаси томонидан ташкил этилди. Анжуман келгуси йилда нишонланадиган Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллигига тайёргарлик кўриш доирасида ўтказилди.

Конференциянинг асосий мақсади сўнгги беш йил давомида Осиё-Тинч океани минтақасида Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасини амалга оширишдаги тараққиёт даражасини баҳолашга қаратилди. Бунда гендер тенгликка эришиш ва аёлларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтиришга оид муаммоларни ҳал этиш борасидаги илғор тажрибалар, сабоқлар ва устувор ҳаракатлар кўриб чиқилди ва 2030 йилгача бўлган

Барқарор ривожланиш дастурининг айни йўналишлари қай даражада амалга оширилгани таҳлил этилди.
Конференция доирасида, шунингдек:

-аъзо давлатлар ва манфаатдор томонларга гендер тенгликка эришиш ва аёлларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтиришга қаратилган сиёсат ва стратегиялар, жумладан инновацион ёндашувларни ўрганиш учун платформа тақдим этиш; 

-Пекин ҳаракатлар платформасида қабул қилинган мажбуриятларни тезлаштириш бўйича устувор ҳаракатлар юзасидан минтақавий келишувга эришиш; 

-69-сессияда Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссия ишига минтақавий ҳиссани умумлаштириш, унда Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси ҳамда Бош Aссамблеянинг 23-махсус сессияси якуний ҳужжатларини амалга оширишни кўриб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Бунда гендер тенглигини таъминлаш, аёлларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш бўйича эришилган ютуқлар ҳамда устувор чора-тадбирларн муҳокама қилинди. Музокараларда тегишли давлатлар ҳукуматлари, фуқаролик жамияти ва ёшлар гуруҳлари, хусусий сектор ҳамда илмий доиралардан 1 минг 200 дан ортиқ делегат иштирок этди.

БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ижрочи котиби Армида Салсия Алишаҳбана ўз кириш сўзида “Аёллар умумий келажагимизни белгилайдиган масалаларда етакчи бўлишлари керак”, деб таъкидлар экан, хотин-қизларни муваффақиятга эришиш имкониятларини яратишга чақирди. Жумладан, “Биз аёллар эртанги куннинг ечимларини дадил илгари суришлари учун уларни зарур воситалар, таълим ва ресурслар билан таъминлашимиз керак”, деди А.Алишаҳбана.

Ўз навбатида, “БМТ-аёллар” тузилмасининг ижрочи директори Сима Бахус “Пекин+30” шарҳининг кўриб чиқилиши Пекин ҳаракатлар платформасини амалга оширишни жадаллаштириш учун сиёсий ирода ва жамоатчилик иштирокини кучайтириш имкониятини тақдим этади”, деб қайд этди. 

Тадбир иштирокчилари бугунги кунда Осиё-Тинч океани минтақасида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қизлар мактабга қатнаётганини эътироф этдилар. Янада муҳими, 2000 йилдан бошлаб оналар ўлими учдан бир қисмга камайган ва аёллар сиёсат, бизнес ва раҳбарлик лавозимларига имкон қадар кенг жалб этилмоқда.

Аммо, сўнгги ўн йилликларда эришилган ютуқларга қарамай, минтақадаги тараққиёт секин ва номутаносиб тарзда кечмоқда. Хавфли тўсиқлар ҳануз сақланиб турибди. Яъни, чуқур илдиз отган камситишлар, жинсий тафовутга урғу берилиши ва гендерга асосланган зўравонликнинг авж олиши, меҳнатга ҳақ тўланмайдиган парвариш ва уй ишларининг нотенг тақсимоти, гендер тенгликни таъминлашга сармояларнинг чекланиши каби ўткир муаммолар жамиятнинг барқарор ривожланишига тўсқиқлик қилмоқда.

БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси конференцияси ва “БМТ-аёллар” тузилмаси “Гендер тенглик ва ҳуқуқларни кенгайтириш йўлида янги йўналишларни белгилаш: Пекин+30 бўйича Осиё-Тинч океани минтақавий ҳисобот” номли янги ҳисоботни тақдим этди. 

Ҳисоботда яқин келажакдаги муаммолар ҳамда олтита тематик йўналиш бўйича истиқболли стратегиялар ва ечимлар ёритилган. Бу ўринда қашшоқликни камайтириш ва инсон капиталини ривожлантириш; умумий фаровонлик ва муносиб меҳнат; гендер зўравонлигидан озод бўлиш; конструктив иштирок ва гендерга асосланган бошқарув; тинч ва адолатли жамиятлар; гендер ва атроф-муҳит йўналишлари ҳақида сўз бормоқда.

Ҳисоботда, шунингдек, гендер тенгликни барча соҳаларда тезлаштириш учун асосни мустаҳкамлашга қаратилган учта йўналишдаги асосий чора-тадбирлар таъкидланган. Яъни, биринчидан, гендер нормаларини трансформация қилиш, иккинчидан, гендер маълумотларини тўплаш ва улардан фойдаланишни такомиллаштириш, учинчидан, гендерга мослаштирилган инвестициялар ва соҳалараро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш зарур.

Бундан ташқари, Вазирлар конференцияси доирасида парваришлаш иқтисодиёти бўйича махсус тадбир, шунингдек, мустақил равишда ташкил этилган турли анжуман ва кўргазмалар ўтказилди. Рақамли санъат кўргазмаси ва гендер масалалари бўйича савол-жавобга ўргатилган GPT гендер роботи билан мулоқот шулар жумласидандир.

Тадбир давомида бўлиб ўтган очиқ муҳокамаларда турли мамлакатлардан келган иштирокчилар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Ўзбекистоннинг гендер тенгликка эришиш, аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлаш, сиёсат ва қарор қабул қилиш жараёнларида хотин-қизларнинг вакиллигини ошириш, шунингдек, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш борасидаги тажрибаси халқаро миқёсда қўллаб-қувватланди ва гендер тенгликни илгари суришнинг илғор амалиётларидан бири сифатида эътироф этилди.
 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг