Ўзбекистон делегацияси “Манчестер Сити” ва “Siti Football Group” билан ҳамкорликни муҳокама қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти Англиянинг Манчестер шаҳрида хизмат сафарида бўлди. Ташриф доирасида “Siti Football Group” холдинг компанияси ва “Манчестер Сити” клуби билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Сафар давомида ўзбекистонлик расмийлар холдинг Бош операцион директори Руль де Фриц, Бошқарув директори Денни Уилсон, футбол бизнеси бўйича бош директори Клайв Ривз ва бошқа кўплаб йўналишлар бўйича бошқарувчилар билан истиқболли лойиҳаларни кўриб чиқишди. Асосий эътибор ўзбек футболини янги босқичга олиб чиқишга қаратилди. Хусусан, тизимда инновацион ёндашувлар, замонавий академия ташкил этиш, клуб инфратузилмасини яхшилаш ва халқаро тажрибани жорий этиш каби муҳим йўналишлар муҳокама қилинди.
Ўз навбатида компания вакиллари Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатига йўл олгани мамлакатимизда футбол ривожи юқори даражага чиқаётганидан далолат беришини, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг трансферидан кейин ўзбек футболига қизиқиш ортганини таъкидлашди.
Шунингдек, ўзбек клубларидан бирини “Siti Football Group” тизимига интеграция қилиш музокараларнинг асосий мавзуларидан бўлди. Ташриф давомида расмийлар “Манчестер Сити“ клубининг академияси ва жамоа тизими билан яқиндан танишиши кўзда тутилган.