Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 07/09/2016 Ўзбекистон делегацияси Латвияга ташриф буюрди
Ўзбекистон делегацияси Латвияга ташриф буюрди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Марказий ва вилоят даражасидаги давлат органлари вакилларидан ташкил топган Ўзбекистон Республикаси делегацияси Латвияга ташриф буюрди.

Ушбу ўқув-танишув сафардан асосий мақсад - Латвия давлат органларининг маҳаллий бошқарув жараёнини ташкиллаштириш борасидаги тажрибасини ўрганишдир. Хусусан, ҳудудий ривожлантиришни режалаштириш, марказий ва маҳаллий ҳокимият органларининг ўзаро алоқаларини мувофиқлаштириш, маҳаллий халқ депутатлари Кенгаши ва ижро этувчи ҳокимият органларининг ўзаро муносабатлари, давлат ва хусусий секторнинг ҳудудий ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлиги каби жабҳаларда тажриба алмашиш режалаштирилган.

Ташриф 5-10 сентябрь кунларига мўлжалланган бўлиб, Латвия парламенти, вазирлик ва агентликларининг махсус қўмита ва бошқармалари вакиллари билан учрашув ўтказиш, Латгаль минтақаси маъмурияти мисолида ҳудудий ражалаштириш жараёнини ўрганиш ҳамда давлат ва муниципал хизматлар кўрсатувчи бир қатор марказлар фаолияти билан бевосита танишувни қамраб олган.

Айни дамгача Латвия атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва ҳудудий ривожланиш вазирлиги, молия вазирлиги, ҳудудий ривожланиш давлат агентлиги ҳамда маҳаллий ва ҳудудий ҳокимиятлар ассоциациясида самарали учрашувлар бўлиб ўтди. Суҳбатлар чоғида 5 та ҳудуд - Курземе, Видземе, Латгале, Земгале ва Ригани барқарор ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ва дастурлар, Latvija.lv давлат хизматлари портали ҳамда электрон давлат хизматларини амалга оширадиган маҳаллий органларнинг ягона информацион тизими (JISM) ҳақида кенг маълумотлар берилди.

Шуниси эътиборга моликки, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва ҳудудий ривожланиш вазирлигидаги учрашув Латвия томонининг ташаббусига биноан Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти муносабати билан бир дақиқалик сукут сақлаш орқали бошланди.

Ташриф якунларига кўра марказий ва маҳаллий давлат ҳокимият органлари ўзаро алоқаларини мувофиқлаштиришнинг янги мехнизмларини жорий этиш, маҳаллий Кенгашларнинг салоҳиятини кучайтириш ва улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ҳудудларни ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш тизими, тасдиқлаш ва амалга оширишни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар киритилиши кутилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг