Валюта курслари 02/10/2024
$1 – 12739.99
UZS – 0.19%
€1 – 14256.05
UZS – 0.46%
₽1 – 136.83
UZS – -0.12%
Қидириш
Ўзбекистон 09/02/2019 Ўзбекистон делегацияси Cotton Campaign мажлисида илк бор иштирок этиш учун АҚШга ташриф буюрди
Ўзбекистон делегацияси Cotton Campaign мажлисида илк бор иштирок этиш учун АҚШга ташриф буюрди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Куни кеча Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси ҳар йили ўтказиладиган Cotton Campaign коалициясининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун АҚШга ташриф буюрди.

Делегация Вашингтон шаҳрида АҚШ Президенти ёрдамчисининг ўринбосари Лиза Кёртис, АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Элис Уэллс, шунингдек, Давлат котибининг инсон ҳуқуқлари, демократия ва меҳнат масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Майкл Козак билан учрашувлар ўтказди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, АҚШ Президенти ёрдамчисининг ўринбосари Лиза Кёртис билан учрашув чоғида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш, Ўзбекистоннинг минтақавий жараёнлар, жумладан, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришдаги ролини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Оқ уй вакили республикада амалга оширилаётган ўзгаришлар, айниқса, инсон ҳуқуқлари кун тартиби давлат даражасида илгари сурилишини юқори баҳолади.

АҚШлик юқори мартабали шахснинг фикрича, Ўзбекистон расмий делегациясининг Cotton Campaign мажлисида биринчи бор иштирок этиши республика раҳбариятининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотларни тўлиқ амалга оширишга қатъий содиқлигини тасдиқламоқда, Тошкентнинг ҳуқуқ ҳимоясига оид энг нозик масалаларда ҳам очиқ мулоқот ва конструктив ҳамкорликка тайёр эканлигини кўрсатяпти.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Элис Уэллс ҳам халқаро ноҳукумат ташкилотлар билан ўзаро алоқалар фаоллашуви ҳамда кенгайишини олқишлади. Унинг фикрича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг шаффофлиги ва очиқлиги мамлакатнинг халқаро обрўсини мустаҳкамлашга ижобий ҳисса қўшмоқда.

Дипломат Ўзбекистон — АҚШ ҳамкорлигининг барча масалалари бўйича конструктив мулоқот ва фикрлар алмашинуви бўйича йўлга қўйилган амалиётни юксак баҳолади. У икки мамлакат ташқи сиёсат идораларининг ўзаро маслаҳатлашувларининг навбатдаги раундида иштирок этиш учун Тошкентга қиладиган сафарини сабрсизлик билан кутаётганини билдирди.

Давлат котибининг инсон ҳуқуқлари, демократия ва меҳнат масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Майкл Козак билан мамлакатда мажбурий меҳнатни йўқ қилиш, қишлоқ хўжалиги секторидаги ислоҳотлар, фуқаролик жамияти институтлари билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, ноҳукумат ташкилотларни рўйхатга олиш ва фаолият юритиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, ОАВ эркинлигини таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинди.

Майкл Козак нафақат мажбурий меҳнатни йўқ қилиш, балки диний эркинликни таъминлаш масаласида ҳам сезиларли ўсишга эришилганини эътироф этди. Унинг айтишича, АҚШ Давлат департаменти ва Меҳнат департаменти маърузаларида мамлакат позициясининг яхшилангани, шунингдек, Ўзбекистоннинг диний эркинлик соҳасида “алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар рўйхати”дан чиқарилгани ушбу ютуқларнинг тан олинишидир.

Манба: Халқ сўзи газетаси.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг