Валюта курслари 12/03/2025
$1 – 12931.94
UZS – -0.06%
€1 – 14107.45
UZS – 0.37%
₽1 – 150.18
UZS – 3.13%
Қидириш
Ўзбекистон 11/03/2025 Ўзбекистон давлат хизматчилари «махаллий автомобиллар»га ўтмоқда

Ўзбекистон давлат хизматчилари «махаллий автомобиллар»га ўтмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов давлат амалдорларини чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллардан воз кечишга чақирди, деб Газета.уз хабар беради.

Бош вазирнинг матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовнинг маълум қилишича, Абдулла Арипов хизмат автомобили сифатида Mercedes-Benz S-Class ўрнига Chevrolet Malibu’дан фойдаланишни бошлаган.

Бунгача, 5 март куни, Президент Шавкат Мирзиёев давлат хизматчилари маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, жумладан автомобиллар ва мебельдан фойдаланиши лозимлигини таъкидлаган эди. 7 март куни бўлиб ўтган йиғилишда Бош вазир Абдулла Арипов бу топшириқни кечиктирмасдан бажариш зарурлигини қайд этди.

Ҳозирда барча давлат идоралари, жумладан вазирликлар, қўмиталари, ҳокимликлар ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ўз автопаркларини «махаллий автомобиллар»га ўтказди. Бироқ, маълумотларга кўра, бу асосан UzAuto Motors томонидан тайёр ҳолда импорт қилинадиган моделлардир.

Жумладан, Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов ва Сенат раиси Танзила Норбоева энди Chevrolet Tahoe’дан, вице-премьерлар Malibu’дан, ҳокимлар эса Tahoe ва Traverse моделларидан фойдаланишмоқда. Илгари ишлатилган хизмат автомобиллари эса босқичма-босқич E-auksion платформаси орқали сотувга чиқарилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков ҳам Mercedes-Benz’дан воз кечиб, Malibu’га ўтиргани, туман ҳокимлари эса Chevrolet автомобилларидан фойдаланишга ўтгани хабар қилинди.

Бундан ташқари, президент давлат хизматчилари томонидан хизмат автомобилларидан фойдаланишни қисқартиришни топширди. Шунингдек, давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига молиявий воситаларни харид қилиш бўйича талаблар кучайтирилади.

Давлат харидларида қонунбузарликларни олдини олиш мақсадида сунъий интеллект асосидаги тизим жорий этилиши режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, тендерларда товарларнинг ўртача бозор нархини кузатиб бориш учун махсус платформа яратилади ва нархларни 20% дан ортиқ оширишнинг олди олинади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг