Валюта курслари 02/10/2024
$1 – 12739.99
UZS – 0.19%
€1 – 14256.05
UZS – 0.46%
₽1 – 136.83
UZS – -0.12%
Қидириш
Ўзбекистон 13/02/2019 Ўзбекистон аҳолисининг умр кўриши 4,6 ёшга ошди
Ўзбекистон аҳолисининг умр кўриши 4,6 ёшга ошди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) --Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси томонидан “2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепцияси” ижросини таъминлашда “Адолат” СДП фракциясининг асосий вазифалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш соҳаси фаолиятини ташкил этишда сўнгги йилларда тўпланиб қолган тизимли камчилик ва муаммолар фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган вазифаларни самарали ҳал этишга тўсқинлик қилмоқда. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш ва режалаштириш бўйича стратегик мақсадларнинг мавжуд эмаслиги, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича ишлар самарадорлигининг пастлиги, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг турли даражалари ва босқичлари, шу жумладан, даволаш ва саломатликни тиклаш жараёнида узвийлик сустлиги каби омиллар соҳани тизимли такомиллаштириш заруратини келтириб чиқармоқда.

Шу каби масалаларни ҳал этиш мақсадида қабул қилинган Концепцияда юртимизда аҳоли саломатлигини сақлаш ва яхшилаш имконини берадиган сифатли соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, соғлом авлод тарбияси учун шарт-шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгилаб берилган.

Депутатлар таъкидлаб ўтилганидек, мамлакатимизда мазкур соҳадаги ислоҳотлар натижасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг самарадорлиги ва сифатини оширишга эришилмоқда. Масалан, аҳолининг умр кўриши 4,6 ёшга — 1995 йилдаги 69,1 ёшдан 2017 йилда 73,7 ёшга ошди. Оналар ўлими кўрсаткичи 3,1 бараварга, чақалоқлар нобуд бўлиши эса 3,1 бараварга камайди. Болаларда энг кўп учрайдиган касалликларга қарши эмлаш ва профилактика тадбирлари билан қамраб олиш даражаси 96 — 98 фоизда қатъий сақланиб турибди.

Шу билан бирга, соғлиқни сақлашни ташкил этишда фуқаролар соғлиғини сақлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид вазифаларни самарали ҳал этишга тўсқинлик қилаётган айрим муаммоли масалалар ва салбий ҳолатлар сақланиб қолмоқда. Хусусан, тармоқни комплекс ҳуқуқий тартибга солиш тизимининг мавжуд эмаслиги, касалликларнинг олдини олиш ва улардан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонуности ва идоравий ҳужжатларнинг ҳаддан ортиқ кўплиги, талаб юқори бўлган технологияларнинг тартибга солинмагани, соғлиқни сақлаш тизими тиббиёт илм-фани ва амалиётининг замонавий ютуқларидан ортда қолиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Йиғилишда фракция томонидан юқоридаги муаммоларни бартараф этишда иштирок этиш ва Концепция доирасида тасдиқланган дастурда белгиланган йўналишлардан келиб чиқиб, аниқ вазифалари белгилаб олинди. Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасидаги амалдаги қонун ҳужжатларининг бир-бирига мувофиқлигига эришиш ва уларни тўғридан-тўғри қўллашни таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш кодексини қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. Шунигндек, тиббиёт ходимлари ўз касбий мажбуриятларига риоя этишини таъминлаш, манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатлари юзага келишининг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш, жумладан, тиббиёт ходимларининг ахлоқ кодексини қабул қилишда фаол қатнашиши ҳамда кенг жамоатчилик орасида муҳокама этиб, маромига етказиш лозимлиги таъкидланди.

Тадбирда фракция аъзоларининг ҳудудларга чиқишлари ва партия электорати билан учрашувлари давомида тиббий таълим муассасаларида илғор илмий ишланмалар ва технологияларни соғлиқни сақлаш амалиётига интеграция қилиш, хусусан, таълим муассасалари йўналишларини оптималлаштириш, “таълим — илм — амалиёт” интеграцияси ҳамда узлуксизлигини жорий этиш, олий ва ўрта тиббиёт таълим сифатини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилиш давомида Концепция доирасида белгиланган ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда соҳа мутахассисларининг таклифлари кўриб чиқилди.

Ушбу таклифларнинг аксарияти қонун лойиҳасининг халқчиллиги ва тўғридан-тўғри ишлашига эришишга, фуқароларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишни таъминлашга қаратилгани билан диққатга молик бўлди.

Манбаа: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг