Ўзбекистон аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларига тайёргарлик кўрмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси статистиги Расмийя Алиева Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф мақсади Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишда техник кўмак беришдан иборат.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш, мамлакат ҳудудида, яхлит ва ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлик бўйича аниқ бир вақтда, аҳоли таркиби ва қишлоқ хўжалиги фаолиятининг турли йўналишлари бўйича, ишончли, холис ҳамда яхлит маълумотларни замонавий статистик усуллар асосида йиғиш мақсадида амалга оширилади.
Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад мамлакатдаги аҳоли таркиби, меҳнат ресурслари, уй-жой фонди, қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг аниқ ўлчамларини, чорва моллари ва паррандаларнинг сонини аниқлаш орқали рўйхатдан ўтказиш натижаларига кўра келгусида мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини яхшилашга қаратилган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишдан иборатдир.
Шу билан бирга, ушбу тадбир мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш учун аҳолининг ўзгариш динамикаси, касби, бандлиги ва даромад манбалари, шунингдек ишчи кучи, мавсумий ва норасмий секторда ишловчилар ҳақида ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасини тўлиқ қамраб олган ҳолда маълумотлар базасини яратишга имкон беради.
Шунингдек, республиканинг ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлиги ва маҳаллалар кесимида аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг турли тавсифлари тўғрисида ягона статистик услубиёт асосида халқаро даражада таққослаш мумкин бўлган долзарб ва ишончли маълумотларни шакллантириш орқали мамлакатнинг ривожланиш салоҳиятига нисбатан ишончни янада ошириш ҳисобига унинг инвестицион жозибадорлигини ва халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланади.
ФАО эксперти Расмийя Алиева бошчилигидаги миссия давомида бир қатор муҳим учрашув ва маслаҳатлар ўтказилди:
Миссия Миллий статистика қўмитаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбарияти, бошқарма ва бўлимлар вакиллари билан учрашувдан бошланди. Учрашувда Миллий статистика қўмитасининг Рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш бошқармаси, Қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳит статистикаси бошқармаси, Аҳоли турмуш даражаси статистикаси ва камбағаллик баҳолаш бошқармаси, Ижтимоий соҳа статистикаси бошқармаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази (ISCAD) вакиллари иштирок этдилар.
Миссия давомида Миллий статистика қўмитасида фаол маслаҳатлар олиб борилди. Ушбу учрашувлар давомида қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш масалалари бўйича кенг қамровли муҳокамалар ўтказилди, ФАОнинг Қишлоқ хўжалиги рўйхати бўйича Жаҳон дастури (WCA 2020) талаблари асосида мавжуд ёндашувлар таҳлил қилинди ва такомиллаштириш йўллари белгиланди.
Учрашувлар доирасида Европа Иттифоқининг “ASK Facility” дастури вакили Марк Ван Уйтванск билан фермерлар ўртасида сўровнома лойиҳаси бўйича, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Статистик таҳлил ва прогнозлаштириш бўлими билан БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичлари бўйича, ISCAD халқаро маркази экспертлари билан ФАО томонидан қўллаб-қувватланаётган тўғри овқатланиш бўйича сўровнома ўтказиши лойиҳаси бўйича учрашувлар ўтказилди.
Миссия Миллий статистика қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ISCAD ва ФАО вакиллари иштирокида якуний учрашувлар билан муваффақиятли якунланди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) тақдим этилаётган жорий ҳисоботларга қўшимча равишда, қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишни тавсия этади. Ташкилот рўйхатдан ўтказишнинг халқаро стандартларини, тушунча ва таърифлар ҳамда услубиётларни ишлаб чиқиш билан бир қаторда, аъзо давлатларга техник кўмак кўрсатиш орқали миллий қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга ёрдам бериб келмоқда.
Халқаро амалиётда, ФАО тавсиялари асосида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш одатда ўн йилда бир марта амалга оширилади. Айрим аграр соҳа ривожланган давлатлар рўйхатдан ўтказиш тадбирини 4-10 йилда бир мартадан кам бўлмаган даврда амалга оширадилар. Масалан мазкур тадбир Германия ва Голландияда тўрт йилда бир марта ўтказилса, АҚШ, Канада ҳамда Кореяда ҳар беш йилда, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатларда 10 йилда бир марта ўтказилади.
Ушбу миссия натижасида Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини биргаликда халқаро стандартлар асосида амалга ошириш бўйича муҳим қадамлар қўйилди ва келгуси фаолият йўналишлари белгилаб олинди.