Валюта курслари 08/11/2024
$1 – 12809.05
UZS – 0.17%
€1 – 13765.89
UZS – 0.09%
₽1 – 130.56
UZS – 0.22%
Қидириш
Молия 19/11/2020 Ўзбекистон 750 млн. АҚШ доллари миқдоридаги суверен халқаро облигацияларни жойлаштиради
Ўзбекистон 750 млн. АҚШ доллари миқдоридаги суверен халқаро облигацияларни жойлаштиради

 

Жорий йилнинг 17-18 ноябрь кунлари бўлиб ўтган роуд-шоу тадбири доирасида:

• АҚШ, Буюк Британия, Дания, Австралия ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатлардан 90 га яқин халқаро инвесторлар иштирокида аудиоконференция (Global Investor Call) ўтказилди;

• 15 га яқин йирик халқаро инвесторлар билан яккама-якка форматда виртуал учрашувлар ташкил этилди;

• халқаро инвесторларнинг солиқ-бюджет сиёсати ва давлат қарзи динамикаси, пул-кредит сиёсати ва инфляцион таргетлаш режими ҳамда институционал ислоҳотлар, жумладан коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ бир қатор саволларига атрофлича жавоб берилди.

Ўтказилган табдирлар якунига кўра, халқаро инвесторлар томонидан республиканинг макроиқтисодий истиқболлари ва тизимли ислоҳотлари юзасидан ижобий хулоса берилди.

Натижада, қатор йирик халқаро инвесторлар томонидан нафақат долларда, балки ўзбек сўмида ҳам деноминация қилинган суверен халқаро облигацияларнинг чиқарилишига ҳам қизиқиш билдирилди.

Халқаро облигацияларнинг миллий валютада чиқарилиши валюта хатарларини камайтиришга хизмат қилиш билан бирга келажакда ички молия бозорига, жумладан давлат ғазначилик облигациялари бозорига халқаро инвесторларни жалб қилиш учун замин яратади.

Молиявий консультантлар – андеррайтерлар (“Сiti”, “JP Morgan”, “Societe Generale”, “VTB Capital” ва “Gazprombank”) томонидан инвесторлар таклифларига биноан 750 млн. АҚШ доллари миқдоридаги суверен халқаро облигацияларни 2 траншда – 10 йиллик муддат билан АҚШ долларида ва 3 йиллик муддат билан ўзбек сўмида – чиқариш ва Лондон фонд биржасида жойлаштириш бўйича бошланғич фоиз ставкалар, мос равишда, 4.25% атрофида ва 15.25% атрофида белгиланди.

Лондон вақти билан соат 09:00 да буюртмалар китоби очиқ деб эълон қилинди. Кун давомидаги буюртмалар китобининг ҳажми ва инвесторларнинг таклифларидан ҳамда молия бозорларидаги ҳолатдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси суверен халқаро облигацияларининг ҳар икки транши бўйича купон ставкаларини белгилаш жараёни бугун (19 ноябрь куни) якунланиши кутилмоқда.

Қўшимча маълумот транзакция жараёнида тақдим этиб борилади.

Молия вазирлиги Ахборот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг