“Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, шундай ҳажмдаги етиштириладиган пахта ҳосили, бир томондан, хомашёни ўзимизда чуқур қайта ишлашни инобатга оладиган бўлсак, аввало, тўқимачилик ва енгил саноатнинг ана шу хомашёга бўлган эҳтиёжини нафақат тўла таъминлайди, балки Ўзбекистоннинг жаҳон бозорига пахта толаси ва ундан тайёрланадиган маҳсулотлар етказиб берадиган мамлакат сифатидаги мустаҳкам мавқеини сақлаб қолиш имконини ҳам беради”, - деди юртбошимиз.
Пахта етиштириш ҳажмини 350 минг тоннага қисқартириш ҳисобидан 170 минг 500 гектар суғориладиган ер пахтадан бўшайди. Бу жараёнда, албатта, аввало мамлакатимиз бўйича пахта ҳосилдорлиги гектаридан ўртача 26,1 центнерни ташкил этиб турган бир пайтда ҳосилдорлиги 12-15 центнердан ошмайдиган паст бонитетли ерларни пахтадан бўшатишга эътибор қаратилади. Асосан шўрланган, шунингдек, пахта етиштиришга яроқсиз бўлган тоғолди ерларига ғўза экилмайди.
“Бундай қарорга келишимизнинг яна бир сабаби борки, у ҳам бўлса, сўнгги йилларда жаҳон бозорида пахта толасининг нархи ва унга бўлган талабнинг кескин пасайиб кетиши билан боғлиқдир, - дея ўз сўзини давом эттирди Ислом Каримов. - Пахтадан бўшаган экин майдонларида аввало, сабзавот ва картошка, шулар қаторида озуқа экинлари, ёғ-мой олинадиган ва бошқа ўсимликлар экилади, боғ ва узумзорлар барпо этилади”.
Маърузада экин майдонларининг оптималлаштирилиши ва замонавий агротехнологияларнинг жорий этилиши натижасида 2020 йилда бошоқли дон етиштиришни 16,4 фоизга ошириб, унинг ҳажмини 8 миллион 500 минг тоннага етказиш, картошка етиштиришни 35 фоизга, сабзавотни 30 фоизга, мева ва узумни 21,5 фоиз, гўшт етиштиришни 26,2 фоизга, сутни 47,3 фоиз, тухумни – 74,5 фоизга кўпайтириш, балиқ етиштиришни 2,5 мартага ошириш кўзда тутилаётгани таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, ана шу турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми сезиларли даражада ортишини ҳам ҳисобга олиш зарур экани қайд этилди.