Жумладан, Ўзбекистон Ҳукумати ва Жаҳон банки “Ҳудудий автомобиль йўлларни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 200 млн. АҚШ долларлик кредит келишувини имзолади. Лойиҳанинг умумий қиймати 240 млн. АҚШ долларини ташкил этади.
Мазкур лойиҳа Тошкент, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги устувор ҳудудий автомобиль йўлларни, умумий узунлиги 394 км. бўлган 37 та бўлинмаларни, шу билан бирга уларга кириш йўлларини ва уларга тегишли бўлган дренаж тизимларини реконструкция қилиш имконини беради.
Ўзбекистон, шунингдек, “Сирдарё вилоятидаги Гулистон, Ширин шаҳарлари ва Янгиер туманининг канализация тизимини кенгайтириш ва реконструкция қилиш” лойиҳасини молиялаштириш борасида Ислом Тараққиёт банки билан 57,5 млн. АҚШ долларлик кредит келишувини имзолади. Лойиҳанинг умумий қиймати 60,8 млн. АҚШ долларини ташкил этади.
Мазкур лойиҳа Гулистон, Ширин шаҳарлари ва Янгиер туманининг канализация тозалаш қурилмаларини, канализация тармоқларини ва насос станцияларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш орқали оқава сув тўпланиш ва тозалаш тизимларини самарадорлигини ва барқарорлигини ошириш ҳамда атроф муҳитини оқава сувлари билан ифлосланишини камайтиришга қаратилган.
Ўзбекистон ва Франция тараққиёт банки “Самарқанд шаҳридаги қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида 23,5 млн. АҚШ долларлик кредит келишувини имзолади. Лойиҳанинг умумий қиймати 36,5 млн. АҚШ долларини ташкил этади.
Мазкур лойиҳа қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта тиклаш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш орқали Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини модернизация қилиш имкониятини яратади.
2016-йилнинг 4-чорагида Ўзбекистон Кореянинг Эксимбанки билан иккита кредит шартномасини имзолади.
Жумладан, “Тошкент шаҳри аэропортининг янги халқаро йўловчи терминалини қуриш (Тошкент - 4)” лойиҳасини молиялаштириш бўйича келишув имзоланди. Мазкур лойиҳа ёрдамида йўловчиларга хизмат кўрсатиш янги терминалини қуриш, халқаро ҳаво линияларига сифатли хизмат кўрсатиш, йўловчиларни ўтказиш қувватини кўпайтириш орқали Тошкент шаҳридаги халқаро аэропортининг инфратузилмасини ривожлантириш мумкин. Лойиҳа доирасида Корея Эксимбанки 200 млн. АҚШ долларлик кредит ажратади. Лойиҳанинг умумий қиймати 430,4 млн. АҚШ долларини ташкил этади.
Кореянинг Эксимбанки билан “Электрон хукумат” тизимининг маълумотларини қайта ишлаш марказини яратиш” лойиҳасини молиялаштириш бўйича ҳам битм имзоланди. Лойиҳа доирасида Корея Эксимбанки 27,4 млн. АҚШ долларлик кредит ажратади. Лойиҳанинг умумий қиймати 41,43 млн. АҚШ долларини ташкил этади.
Мазкур лойиҳа “Электрон хукумат” тизимининг маълумотларини қайта ишлаш ва сақлаш учун инфратузилмани яратиш, идоралараро маълумотлар базасини шакллантириш, давлат интерактив хизматларини ривожлантириш ва давлат органлари ахборот ресурсларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.