Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Молия 15/11/2016 “Ўзбекинвест” компанияси тадбиркорлар учун янги суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқди
“Ўзбекинвест” компанияси тадбиркорлар учун янги суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компаниясида янги суғурта маҳсулотлари тақдимотига бағишланган семинар ташкил этилди. Унда Компания мижозлари, тадбиркорлик субъектлари, хусусан экспортёр ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи корхоналар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Бу ҳақда “Ўзбекинвест” ЭИМСК Ахборот хизмати хабар беради.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожланитиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада суғурта ҳимояси алоҳида муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳат эътиборга олиниб, ўтган давр мобайнида “Ўзбекинвест” компанияси томонидан соҳа вакиллари бўлган тадбиркорлар, ҳунармандлар, якка тартибдаги тадбиркорлар, фермерлар фаолияти ва уларнинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор суғурта маҳсулотлари ишлаб чиқилган.

Айни пайтда компания ушбу йўналишдаги фаолиятини янада такомиллаштириб, тадбиркорлик фаолияти учун янада қулайлик яратиш мақсада, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида тадбиркорларга суғурта ҳимоясини тақдим этиш борасида янги суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқди.

Шулардан бири қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларининг ўз маҳсулотларини харидорга етказишдаги қалтисликларини суғурталаш мақсадида “Мева-сабзавот, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини ташишни суғурталаш” суғурта маҳсулоти ҳисобланади.

Мева-сабзавот, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сотиш билан шуғулланувчи жисмоний ёки юридик шахс ўз маҳсулотларини ҳимоя қилишда ушбу янги суғурта хизматидан фойдаланиши мумкин. Ушбу суғурта маҳсулоти бўйича шартнома тузувчилар табиий офатлар, юк ташиш воситасининг йўл-транспорт ҳодисасига учраши оқибатида, юкларни ортиш ва тушириш вақтида етказилган зарарларнинг қоплаб берилиш кўзда тутилган.

Яна бир суғурта маҳсулоти “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг тадбиркорлик қалтисликларини суғурталаш” бўлиб, бунда қишлоқ хўжалиги соҳасида ва ушбу соҳада фаолият юритувчи юридик шахс ёки якка тадбиркорнинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш назарда тутилган. Бунда суғурталанувчига унинг ҳамкори ўз мажбуриятларини бажармаслиги, яъни тўловни амалга оширмаслик, маҳсулотларни етказиб бермаслик, сифатсиз маҳсулотларни етказиш ва шу кабилар натижасида етказиладиган зарарлар қоплаб берилади.

Тадбиркорлар талаб ва эҳтиёжларидан келиб ишлаб чиқилган яна бир “Музлатгич камерада сақланаётган мол-мулкни суғурталаш” суғурта маҳсулоти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари музлатгич камераларида сақланиш даврида уларга зарар етиши оқибатида мулкдорларга етказилган зарарнинг қоплаб берилишини кўзда тутади.

Шунингдек, тадбирда маълумот берилдики, «Ўзбекинвест» компанияси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида янги суғурта бўлинмаларини очиш ва республика ҳудудларида фаолият географиясини кенгайтириш борасида доимий иш олиб бормоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан 8000 га яқин суғурта шартномалари тузилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2,5 баробарга кўпдир. Шунингдек, 11 та янги суғурта бўлимлари очилган ва 12 та суғурта маҳсулотлари ишлаб чиқилган. Айни пайтда Компания 14 та ҳудудий филиаллар ва 146 та бўлинмалари орқали бутун республика бўйлаб ўз хизматларини тақдим этиб келмоқда.

Шунингдек, «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурталаш», «Бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш», «Тиббий суғурта», «Мол-мулк суғуртаси» каби 10 турдаги суғурта маҳсулотлари бўйича онлайн режимида яъни Интернет орқали суғурта полисини олиш имконияти яратилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг