Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Ўзбекистон 28/03/2024 Ўзбек-япон юридик коллоквиуми: конституциявий ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқлари
Ўзбек-япон юридик коллоквиуми: конституциявий ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқлари

27 март куни Тошкент шаҳрида “Конституциявий ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида юридик коллоквиум бўлиб ўтди.

Конституциявий ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, гендер тенглик ва ҳуқуқий таълим соҳаларидаги янгиликларни муҳокама қилиш, икки мамлакатнинг илмий-ҳуқуқий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган ушбу тадбирда Ўзбекистон ҳамда Япония олимлари ва ҳуқуқшунослари иштирок этди. 

Коллоквиумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ва Япониянинг Мейджи университети профессори Акико Эжима сўзга чиқди.

Иштирокчилар Ўзбекистонда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар, шунингдек, Япониянинг конституционализмга оид анъаналари каби муҳим мавзуларни атрофлича муҳокама қилдилар. Гендер тенгликни таъминлаш, гендер асосида камситишнинг олдини олиш, миллий гендер механизмини жорий этишга оид масалалар ҳам эътибордан четда қолмади.

Тадбир давомида, шунингдек, тилга оид қонун ва ҳуқуқлар ҳақида фикр юритилди. Турли тилларнинг жамиятдаги роли, тил сиёсатининг миллий ўзлик ва маданиятни сақлаб қолишда тутган аҳамияти, давлат тили сифатида ўзбек тилини ривожлантириш истиқболлари чуқур талқин этилди. 

Ҳар икки мамлакат олимлари ва ҳуқуқшунослари коллоквиум доирасида муҳокама этилган барча мавзуларни теран таҳлил этиб, очиқ фикр алмашдилар. Самимий ва қизғин мулоқот иштирокчилар ўртасида илғор тажрибаларни алмашиш, янги ғоя ва ёндашувларни ўрганиш учун қулай имконият яратди.

Тадбир якунида Ўзбекистон ва Япония ҳуқуқшунослари иштирокида ўтказилган ушбу коллоквиум икки мамлакат ўртасидаги илмий ва ҳуқуқий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди. Муҳокамалар асносида таҳлил этилган соҳалардаги муаммоларни ҳал қилишда янги ёндашув ва ечимлар ишлаб чиқилгани таъкидланди.

Келгусида ўзаро ҳамкорлик алоқалари янада ривожланиши кутилмоқда. Чунки бундай маърифий тадбирлар мамлакатларимизнинг ҳуқуқий ва илмий соҳалардаги муносабатларини кучайтиришга қаратилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг