Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 14/04/2023 Ўсиш омили сифатида ватандошларни жалб қилиш: Хитой тажрибаси
Ўсиш омили сифатида ватандошларни жалб қилиш: Хитой тажрибаси

МҲТИ мутахассислари ўсиш омили сифатида ватандошларни жалб қилиш бўйича Хитой тажрибасини ўрганиб чиқди. 

Хитой иқтисодий мўъжизаси мамлакатни иқтисодий жиҳатдан қудратли давлатга айлантирган фавқулодда ҳодиса бўлди. Бунда асрлар давомида шаклланган ва ҳозирда турли манбаларга кўра, дунёнинг 198 та мамлакати ва турли минтақаларидаги

50 миллион нафардан 60 миллион нафаргача кишини ташкил этувчи Хитой диаспораси муҳим рол ўйнади ва ўйнашда давом этмоқда.

Агар иқтисодий қудрат шакллана бошлаган 80-йилларда хитойлик муҳожирлар мамлакатга сармоя киритувчи асосий сармоядорлар вазифасини бажарган бўлса, ҳозир кўп ҳолларда Жануби-шарқий Осиёда Хитойнинг “Белбоғ ва йўл” ташаббуси тарғиботчилари бўлмоқда.

Ҳозирги кунда ҳам Хитойга киритилаётган хорижий сармояда хитойлик муҳожирларнинг улуши катта.

Шу мақсадда сўнгги йилларда Хитой ҳукумати тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун очиқ бўлган тармоқлар сонини кенгайтириш бўйича қатор чора-тадбирларни кўрмоқда. Булар асосан ишлаб чиқарадиган саноат тармоқлари, айниқса юқори технологияли соҳалардир.

Ҳукумат хорижий инвестициялар бўйича кўплаб чекловларни олиб ташлади ва тажриба тариқасидаги эркин савдо зоналари механизмидан фаол фойдаланмоқда.

Бундан ташқари, Хитой бутун дунё бўйлаб хориждаги хитойликларнинг салоҳиятини жалб қилиш учун кенг тармоқланган ва фаол тизимга эга.

Масалан, Хорижда истиқомат қилувчи хитойликлар иши бўйича департамент хориждаги хитойлик ишбилармонлар ва маҳаллий корхоналар ўзаро келишиб олиши, музокаралар ўтказиши ва ҳамкорликни йўлга қўйиши учун платформалар яратади. Департамент ушбу платформалар доирасида хитойлик муҳожирлар сармоясини жалб қилишга қаратилган кўплаб тадбирларни ўтказади. Уларнинг орасида Хорижда Хитой тадбиркорлигини ривожлантириш ярмаркаси, Хориждаги Хитой саноат ярмаркаси, Илмий-техникавий ва инновацион ҳамкорлик ярмаркаси бор.

Хориждаги Хитой тадбиркорлари ассоциацияси, шунингдек, хорижда Хитой тадбиркорлиги ярмаркаларини ташкил этишга ҳам ихтисослашган. Мақсад Хитойни ривожлантириш учун муҳожирларнинг имкониятларидан фойдаланиш.

Хитой ҳукумати China International Import Expo, Service Trade Fair ва Consumer Expo каби йирик кўргазмаларни ташкил этади. Бундай тадбирлар йирик компаниялар билан ҳамкорлик қилиш учун халқаро платформа ҳисобланади. Хитойлик ишбилармонлар ва хориждаги Хитой компаниялари ҳам ўз брендларини тарғиб қилган ва Хитой бозорига кириш йўлларини ривожлантирган ҳолда ушбу кўргазмаларда фаол иштирок этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Хитойда чет элга ўқиш учун кетаётган хитойликлар сонининг ҳар йили барқарор ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Бошқа томондан, диплом ва илмий даража олиб, Хитойга қайтган фуқаролар сони ҳам ортиб бормоқда. 2021-йилда бир миллиондан ортиқ хитойлик битирувчилар ўз ватанига қайтди. Бу 2019-йилдагига (777 минг) нисбатан анча кўп.

Ўсаётган иқтисодиёт, фан ва техника, иқтисодиёт, таълим ва давлат бошқаруви каби соҳаларда янги иш ўринларининг ташкил этилиши битирувчиларда ўз ватанига қайтиш истагини кучайтирмоқда.

Ўзбекистон ватандошларни жалб қилиш бўйича Хитой тажрибасини синчиклаб ўрганиши мақсадга мувофиқ. Чунки хориждаги ўзбек диаспорасининг салоҳияти ҳам юқори.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг