Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Ўзбекистон 06/03/2024 Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари бўйича халқаро андозалар ўрганилмоқда
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари бўйича халқаро андозалар ўрганилмоқда

5-6 март кунлари Тошкент шаҳрида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари: халқаро андозалар ва миллий амалиёт” мавзусида икки кунлик ўқув семинари бўлиб ўтди. Ушбу семинар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ногиронлар ассоциацияси ва Ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда, Европа Кенгаши Ҳамкорлик дастурлари бошқармасининг Марказий Осиё учун “Қонун устуворлиги” бўйича HELP дастури доирасида ташкил этилди.

Тренингда асосий эътибор ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб этиш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва илғор амалиётларни ўрганишга қаратилди. БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини миллий ва халқаро даражаларда янада самарали амалга оширишга ёрдам берадиган аниқ стратегия ва услублар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда Олий Мажлис палаталари, Олий суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, манфаатдор вазирликлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий институтлари, илмий ҳамжамият ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди. 

Европа Кенгаши маслаҳатчилари Евгений Голошапов ва Ксения Симинчук, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Котибиятининг катта ҳуқуқшунос-маслаҳатчиси Наталя Воробьева эксперт сифатида сўзга чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ўз видеомурожаатида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг аҳволини яхшилаш ва инклюзив жамият қуриш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон – ижтимоий давлат деб эълон қилингани мамлакатимизнинг ижтимоий ҳимоя ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигини таъминлаш борасидаги қатъиятини амалда намоён этишда ҳал қилувчи аҳамият касб этгани алоҳида таъкидланди. Шу асосда юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик изчил такомиллаштирилиб, бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик тобора мустаҳкамланмоқда.

Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари, элчи Шарлотт Адриан ўз нутқида Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини такомиллаштириш соҳасидаги ҳамкорлик муҳимлигини қайд этди. Бунда, айниқса, европалик экспертлар билан Ўзбекистоннинг давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида тажриба алмашиш катта аҳамиятга эга.

Европа Кенгашининг “Марказий Осиёда HELP” лойиҳаси раҳбари Кристина Хохлова ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Европа Кенгаши фаолиятида катта ўрин тутишини таъкидлади. Хусусан, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари” бўйича HELP дастурининг мавзули курси ўзбек тилига таржима қилиниб, миллий қонунчиликка мослаштирилди ҳамда бепул фойдаланиш учун HELP платформасига жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқарма бошлиғи Мирзабек Ниёзов ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги тизими ҳақида гапирди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 1 июндаги қарори билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва “Инсон” ижтимоий хизмат кўрсатиш марказлари ягона тизимга бирлаштирилгани бунга яққол мисолдир.

Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов тадбир иштирокчиларига мазкур Ассоциациянинг фаолияти ҳақида маълумот берди. Шунингдек, айни вақтда юртимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларининг бажарилиши юзасидан муқобил ҳисобот тайёрланаётганини қайд этди. 

Ўз навбатида, Ўзбекистон ногиронлар жамияти раиси Комил Абдуллаев мамлакатимизда қабул қилинган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қоидалар ўз ифодасини топгани хусусида сўз юритди. Ҳозирги кунда

Ўзбекистонда 630 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти айни йўналишда самарали иш олиб бормоқда. Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция матни ўзбек тилида ва брайл алифбосида чоп этилди.

Ўқув-семинарда хорижий экспертлар ва миллий мутахассислар ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги билим ва тажрибалари билан ўртоқлашди. Самарадор амалиёт ва стратегиялар, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифатини ошириш ва жамиятга интеграциялашиши учун кўмаклашишга қаратилган нормалар ва қонунчилик ташаббусларини амаллиётга муваффақиятли татбиқ этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Тренинг якунида иштирокчилар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган қатор тадбирларнинг аҳамияти юзасидан тавсиялар қабул қилинди. Хусусан, миллий қонунчиликни таҳлил қилиш ва халқаро стандартларга мослаштириш; давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари учун тематик ўқув дастурларини жорий этиш; жамоат жойларида, транспортда, таълим муассасаларида ва ишхоналарда тўсиқсиз муҳитни таъминлаш; ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан иш берувчиларни рағбатлантириш, кадрлар тайёрлаш ва касбий қайта тайёрлаш, шунингдек, мослаштирилган ва инклюзив иш ўринларини яратиш дастурларини ишлаб чиқиш тавсия этилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг