Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Ўзбекистон 26/03/2024 Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришнинг ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон тажрибаси
Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришнинг ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон тажрибаси

26 март куни Тошкентда айни мавзуда давра суҳбати ўтказилди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси ва Қирғизистоннинг “Бирдамлик” маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Давра суҳбатини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов очиб берди. Долзарб ва барчанинг эътиборидаги мавзу муҳокамасига тўпланган хорижий экспертлар ва тадбир иштирокчиларига миннатдорчилик билдирилди.

Ногиронлиги бўлган инсонлар – жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоларидир, деди А.Саидов. Мамлакатимизда ушбу принципга қатъий амал қилиш борасида изчил ва тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бунда

Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри ва шаъни учун” принципи асосида инклюзив тараққиётни, яъни аҳолининг барча қатламлари учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар, айниқса, муҳим аҳамиятга эга.

Кейинги йилларда юртимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш йўлида бир қатор ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияда биринчи марта ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларига оид нормалар алоҳида моддада белгиланди.

Шунингдек, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига қўшилди. Шу тариқа айни йўналишда мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди.

Янада муҳими, бугунги кунда изчиллик билан бажарилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги тизимини яратиш истиқболлари очиб берилган. Стратегия ногиронлиги бўлган шахслар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва уларнинг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирокини таъминлашга қаратилган кўплаб тадбирлар ва ташаббусларни ўзида қамрайди.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлашга оид ташкилий чора-тадбирлар ҳақида фикр юритганда, бу соҳадаги миллий институционал тузилма тубдан ислоҳ этилганини таъкидлаш лозим. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя бўйича миллий агентлик тузилгани ушбу йўналишдаги яна бир салмоқли ютуқ бўлди. 

Давра суҳбатида миллий ва хорижий экспертларнинг маърузалари тингланди. Мулоқотлар давомида муҳим баҳолар ва амалий таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш муаммосининг турли қирралари очиб берилган бир нечта янги нашр тақдимоти ўтказилди.

Маълумот учун: Ўзбекистонда 790 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахс расман рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг салкам 62 фоизи қишлоқ жойларда яшайди ва тахминан 45 фозини хотин-қизлар ташкил этади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг қарийб 123,9 минг нафари – 16 ёшгача бўлган болалар, 666,3 минг нафардан ортиғи – 16 ёшдан ошган ёшлар, 201,7 минг нафардан зиёди – пенсия ёшидаги кексалардан иборат.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда 300 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган инсон меҳнатга лаёқатлидир. Уларнинг 100 мингдан кўпроқ қисми доимий иш ўринлари билан таъминланган.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг