Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 06/03/2024 Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашдаги долзарб масалалар
Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашдаги долзарб масалалар

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашга оид масалани ўрганиб чиқди. 

Тадқиқот давомида қуйидагилар аниқланди:

Бугунги кунда Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ёшдаги ногиронлиги бўлган 755 минг нафардан ортиқ киши истиқомат қилади (уларнинг 56 фоизи эркаклар). Улар орасидаги бандлик даражаси 3,7 фоизни ташкил этмоқда. 

Ногиронлиги бўлган шахслар асосан саноат (33,6 фоиз), таълим (15,4 фоиз) ва соғлиқни сақлаш (11,7 фоиз) тармоқларида фаолият юритади. 

Тадқиқот доирасида МҲТИ мутахассислари томонидан меҳнатга лаёқатли ёшдаги ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида сўров ўтказилди.

Сўровда ногиронлиги бўлган 161 киши иштирок этди. Уларнинг 40,4 фоизини эркаклар, 59,6 фоизини аёллар ташкил этади ва ўртача ёши 43,5 ёшга тенг. Иштирок этганларнинг 14,4 фоизи I гуруҳ, 84,5 фоизи II гуруҳ ва 3,1 фоизи III гуруҳ ногиронлиги бор фуқаролардир.

Сўровда иштирок этганларнинг 43,8 фоизи меҳнат дафтарчасига эга эканлигини билдирган, лекин ҳозир бор-йўғи 8 фоизи иқтисодиётда банд, 3,1 фоизи эса умуман ишламаган. 

Респондентларнинг 55,3 фоизи ногиронлик гуруҳи белгиланганидан сўнг ишдан кетишга ёки иш ўрнини ўзгартиришга мажбур бўлган. 16,8 фоизи ногиронлик уларнинг иш ўрнига ҳеч қандай таъсир қилмаганини билдирган (уларнинг орасида 14,8 фоизи туғма ногирон). 

Иш топишда қандай қийинчиликларга дуч келяпсиз, деган саволга респондентларнинг 7 фоизи соғлиги яхши эмаслиги, 6,2 фоизи ногиронлик бўйича чекловлар мавжудлиги ва 3,9 фоизи бўш иш ўринлари йўқлигини билдирган. Респондентларнинг фақатгина 14,8 фоизи касбга қайта тайёрланиш ва малака ошириш истагини билдирган. 

Ногиронлиги бўлган шахслар орасида бандлик даражасини ошириш учун ҳукумат томонидан нималар қилиниши керак, деган саволга респондентларнинг 8,7 фоизи иш ўринлари тўғрисида маълумот бериб бориш, 7,5 фоизи касбга тайёрлаш курсларида ўқитиш ва 6,8 фоизи тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда ёрдам бериш, деб жавоб берган.

Ўтказилган таҳлил ва сўров натижалари Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар орасида бандлик даражасининг пастлигига имконияти чекланганлар учун иш ўринларининг камлиги, яхши шароит яратилмагани, иш ўринлари, имтиёзлар, бандликка кўмаклашиш марказлари тўғрисида маълумотларнинг етарли эмаслиги ва имконияти чекланганларнинг иш малакаси пастлиги асосий сабаб бўлаётганини кўрсатди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг