Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими такомиллаштирилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди.
Мамлакатимизда таълим соҳасида ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, уларнинг таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизматларни кўрсатиш бўйича субъектлар сони ортиши, ижтимоий хизматлар бозори кенгайиши мазкур соҳада фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг хизматларидан фойдаланувчилар учун қўшимча имтиёзлар беришни тақозо этяпти.
Ушбу қонун лойиҳаси билан давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини барча турдаги солиқларни 2030 йил 1 январга қадар бўлган даврда (бундан ижтимоий солиқ мустасно) тўлашдан озод қилиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, уларнинг хизматларидан фойдаланадиган ота-оналарни (уларнинг ўрнини босувчи шахсларни) ногиронлиги бўлган болалари учун ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўланадиган тўловларини солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритиш белгилаб қўйиляпти.
Мажлисда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар ногиронлиги бўлган болалар учун ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда мазкур тоифадаги болалар мавжуд бўлган оилаларнинг турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қилиши таъкидланди.
Баҳс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.