Валюта курслари 05/02/2025
$1 – 12998.91
UZS – 0.11%
€1 – 13439.57
UZS – 1.16%
₽1 – 131.29
UZS – 1.12%
Қидириш
Ўзбекистон 05/02/2025 Ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилади

Ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-41-сон, 03.02.2025 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 мартдан тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида, 2025 йил 1 октябргача республиканинг қолган ҳудудларида 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилади.

Бунда ногиронлиги бўлган болалар кундузги парвариш хизматига уларнинг ота-оналари билан “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ўртасида тузилган ижтимоий шартнома асосида ҳамда Психологик-тиббий-педагогик комиссия томонидан белгиланган тартибда берилган хулосага мувофиқ қабул қилинади.

2025 йил 1 мартдан кундузги парвариш хизматига оид фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

кундузги парвариш хизматидан фойдаланилган бир кун учун 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган ҳар бир болага базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида ва 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган ҳар бир болага – 27 фоизи миқдорида субсидия ажратилади;

Бунда вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари учун субсидия миқдори 1,1 кўпайтирувчи коэффициентни қўллаш орқали аниқланади.

Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг ногиронлиги бўлган ҳар бир боласи учун юқорида кўрсатилган субсидия умумий миқдорининг 30 фоизи миқдорида қўшимча маблағ тўлаб берилади.

2027 йил 1 июлгача кундузги парвариш хизматини йўлга қўйган тадбиркорларга Марказий банкнинг асосий ставкасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида мебель ва жиҳозлар хариди учун имтиёзли кредитлар ажратилади.

Ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни ташкил этиш жараёнларини рақамлаштириш мақсадида, қуйидагилар яратилади:

2025 йил 1 мартгача “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида “Кундузги парвариш хизматини бошқариш” ахборот модули ҳамда унинг мобиль иловаси;

2025 йил 1 сентябргача болаларнинг ривожланишида кузатиладиган нуқсонларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида комплекс ижтимоий-тиббий ёрдам билан қамраб олиш, уларда ногиронликнинг олдини олиш ҳамда ногиронлиги бўлган болаларда муваффақиятли ижтимоийлашувни таъминлашга кўмаклашувчи “Болалар саломатлиги” ахборот тизими.

Шунингдек, уч ой муддатда Солиқ кодексига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар Ҳукуматга киритилади:

давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини 2030 йил 1 январга қадар барча турдаги солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно) тўлашдан озод қилиш;

ота-онанинг кундузги парвариш хизматларидан фойдалангани учун ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловларини солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритиш.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг