Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Молия 20/04/2012 Немис банкирлари билан тажриба алмашилди
Немис банкирлари билан тажриба алмашилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Германия Бундесбанки билан ҳамкорликда мамлакат банк тизими ходимлари учун «Банк назорати: масофадан туриб назорат қилиш ва жойида текширувлар ўтказиш» мавзуида амалий семинар ташкил этди.

Президентимизнинг «2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устивор йўналишлари тўғрисида» қарори талаблари доирасида ўтказилган ушбу анжуманда кредит таваккалчиликларини аниқлаш, уларни баҳолаш ва назорат қилишнинг долзарб масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, тингловчиларга банк назорати бўйича халқаро Базель қўмитасининг янги талаблари ва уларни амалга ошириш йўллари ҳақида тизимли билим ва кўникмалар берилди.

Бундесбанк вакиллари ўзбекистонлик ҳамкасабалари билан кредит ва операция таваккалчиликларини минималлаштириш ва уларни яхлитлаштирган ҳолда назорат қилиш масалаларида ўз услублари ва банк таваккалчиликларини бошқаришдаги тажрибалар, таваккалчиликларни баҳолашдаги ёндашувлар билан ўртоқлашди. Семинар қатнашчилари муҳокама этилаётган масалалар иқтисодий ислоҳотларни изчил давом эттириш, интеграцион жараёнлар чуқурлашаётган шароитда ва республика банк маҳсулотлари бозорида рақобат кучаяётган бир пайтда ниҳоятда долзарблигини қайд этдилар.

Банк капитали бўйича Базель қўмитасининг принциплари банк таваккалчиликларини бошқариш ва банклар фаолиятини назорат қилиш тизимларини ривожлантиришни кўзда тутади. Ҳужжатда илгари сурилган принциплар ихтиёрий бўлиб, банк назорати органларига банк тизимининг жорий ва бозордаги вазиятга тўла жавоб берадиган оптимал вариантларни қабул қилишни тавсия этади.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистонда банк назорати тизимда барқарорликни таъминлаш, омонатчилар ва кредиторлар манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган.

Марказий банк банк таваккалчиликларини бошқаришда тижорат банкларига банк назорати бўйича Базель қўмитаси тавсиялари асосида талаблар қўйиб бормоқда. Бу талаблар Марказий банкнинг тизим барқарорлигини таъминлаш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳисобига тизимнинг иқтисодиётдаги ўрнини кучайтиришга қаратилган. Ушбу мақсадга эришиш учун банк фаолиятини таъминловчи ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда. Банк фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш самарадорлиги оширилмоқда. Банк тизимида тўлов интизомига риоя қилиш ва соғлом рақобат муҳити ривожлантирилмоқда. Корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ва унинг масъулиятини оширишга бўлган талаблар кучайтирилмоқда. Кредит ташкилотларининг шаффофлигига эришилмоқда. Мана шу омиллар миллий банк тизимининг барқарорлигини таъминлаш ва иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини ошириш гарови бўлиб қолмоқда.

Семинар иштирокчилари Базель қўмитаси принципларининг уч асосий базаси – банк капиталига қўйиладиган минимал талаблар, банк назорати ва тўлов интизомига риоя қилиш бўйича немис банкирларининг тажрибаси билан танишдилар, янги иқтисодий муносабатлар шароитида банклар таваккалчилигини баҳолаш мезонларини такомиллаштириш масалаларида ўзаро фикр алмашдилар.

Қайд этиш ўринлики, Марказий банк ва Бундесбанк ўртасида ўрнатилган ўзаро ҳамкорлик алоқалари анчадан бери давом этиб келмоқда. Немис ва ўзбек банкирлари қатор йиллардан буён кредит ташкилотларининг иқтисодиётдаги ролини ошириш, банклар фаолиятини бозор реалликлари асосида такомиллаштириб бориш ва бошқа қатор йўналишларда ўзаро тажриба алмашиб келмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг