Навоий аэропорти "MIAT Mongolian Airlines Cargo" авиакомпаниясининг биринчи рейсини қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Монголиянинг "MIAT Mongolian Airlines Cargo" юк авиакомпанияси Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик доирасида Навоий халқаро аэропортига парвозларни амалга ошира бошлади.
27 август куни юк ташувчи самолётда умумий оғирлиги 26,8 тонна бўлган наслдор қўйлар Ўзбекистонга олиб келинди.
Жорий йил охирига қадар “MIAT Cargo” авиакомпанияси 106 та рейсни амалга оширишни мўлжаллаб, Мўғулистондан Ўзбекистонга тирик ҳайвонларни, Ўзбекистондан Мўғулистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташишни режалаштирмоқда.
Улан-Батордан Навоийга тўртта рейс "КАП КГ" томонидан амалга оширилган ва у ҳам ушбу йўналиш бўйича парвозларни давом эттиради.
MIAT Cargo - "MIAT Mongolian Airlines" давлат авиакомпаниясининг шўба корхонаси бўлиб, юк ташиш хизматларини кўрсатади.