Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 15/07/2016 Мухолиф “Адолат” СДП фракциянинг муқобил қонун лойиҳаси кўриб чиқилди
Мухолиф “Адолат” СДП фракциянинг муқобил қонун лойиҳаси кўриб чиқилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Давлатимиз раҳбари 2015 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида парламент фаолиятини профессионал даражага кўтариш, хусусан, қонун ижодкорлиги ва қонунчилик фаолияти сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган эдилар.

Ушбу дастурий кўрсатмалар ҳамда сўнгги йилларда миллий қонунчилигимизга киритилган янгиликларга мувофиқ қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишнинг ҳар бир босқичида сиёсий партиялар фракцияларига берилган қўшимча ваколат ва имкониятлар улар ўртасидаги соғлом рақобатни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ўз навбатида фракциялараро конструктив баҳс-мунозара ва рақобат қонун лойиҳаларини пишиқ пухта тайёрлаш ҳамда аҳолининг кенг қатлами манфаатларини ифодалашда муҳим ўрин тутмоқда.

Ўтган давр мобайнида парламентдаги ҳар бир масала муҳокамасида сиёсий партиялар фракцияларининг ўз дастурий мақсад-вазифалари ва электорат манфаатлари учун курашиш йўлида орттирилган тажриба ўзининг ижобий самараларини бермоқда.

Куни кеча бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида бир нечта қонунлар қатори илк маротаба парламентдаги мухолифат саналган Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни парламент муҳокамасига таклиф этгани ҳам бу борада муҳим янгилик бўлди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида мавжуд норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар матнидан фойдаланувчиларнинг, шу жумладан ижрочилар ва аҳолининг тезкор ва сифатли фойдаланишини таъминлашга қаратилган.

Қонуннинг қабул қилиниши юридик ва жисмоний шахсларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларидан кенг фойдаланишини таъминлаш, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни аҳолига ўз вақтида ва тўлиқ етказишга, ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий воситаларидан фойдаланган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тезкор ўзлаштиришга қўшимча шарт-шароитлар яратади.

Қонун лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад бу www.lex.uz сайтида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақомини беришдан иборатдир.

Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида чуқур муҳокама этилиб, концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланган эди. Бироқ, ўзини парламентдаги муҳолиф деб эълон қилган фракциянинг бу борада, яъни Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақомини бериш масаласини ҳал этишда ўз қарашлари мавжуд.

Шу муносабат билан фракциямиз томонидан расмий эълон қилиш тушунчасини аниқлаштириш орқали “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартириш киритишни таклиф қилинди. Шу билан бирга, қонун лойиҳасининг муқобил таҳрири юқорида кўрсатилган қонун лойиҳасида таклиф этилган 12 ойда эмас, балки у расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши мумкин.

Албатта, парламент аъзолари томонидан қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни кўриб чиқиш жараёни фикрлар қарама-қаршилиги, сиёсий партияларнинг дастурий мақсадлари, манфаатларини ифода этиш орқали, кучли баҳс ва рақобатга сабаб бўлди.

Гарчан, овоз бериш жараёнида парламент кўпчилиги томонидан дастлаб киритилган қонун лойиҳасига овоз берилган бўлсада, уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида муқобил таҳрирдаги нормаларни инобатга олиниши қайд этилди.

Энг муҳими, парламентдаги муҳолифат сифатида фракциямиз томонидан қонун лойиҳаларининг муқобил таҳририни киритиш бўйича белгиланган ваколатдан фойдаланилиши давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг роли кучайиб бораётганини яққол намоён қилди.

Бир сўз билан айтганда, парламентдаги бу каби баҳс-мунозаралар, ғоя ва дастурлар, муқобил қонун лойиҳалари ўртасидаги рақобат, принципиал ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий масалалар бўйича позицион тортишувлар қонун ижодкорлиги жараёнларини янги ва профессионал босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Умиджон СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг