Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 24/08/2016 Мустақиллик йилларида тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг ривожланиши
Мустақиллик йилларида тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг ривожланиши
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мустақиллик йилларида мамлакатимиз иқтисодиётида туб таркибий ўзгаришлар амалга оширилди, модернизация ва диверсификация жараёнлари изчил давом эттириш ҳисобидан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб берилди ва хусусий мулкнинг ишончли ҳимоя қилинишини ҳамда тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлашга кенг эътибор қаратилди. Шу боис, мулкдорлар, хусусий тадбиркорлик ҳамда кичик бизнес субъектлари иқтисодий тараққиётимизнинг локомотивига, юртимиздаги фаровонликнинг асосий омилига айланди. Жамиятимиз ва давлатимизнинг қудратли таянчи бўлиб бораётган, моддий ҳамда маънавий бойликлар яратаётган, ислоҳот ғояларини илгари сурувчи, иқтисодий жиҳатдан мустақил мулк эгалари синфи вужудга келиб, жадал ривожланмоқда. Бу борада соҳани тартибга солишга оид зарур ҳуқуқий асос яратилган бўлиб, у йилдан-йилга такомиллашиб боряпти. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш учун қулай муҳит яратишнинг қонуний асосларини яратиш каби масалалар парламентнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан «Мустақиллик йилларида хусусий мулк, тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг ривожланиши ҳамда истиқболдаги вазифалар» мавзусида Сирдарё вилоятида ўтказилган давра суҳбатида асосий эътибор соҳани янада ривожлантириш учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлар фаолиятида бугунги кунда юзага келаётган мавжуд масалалар ва уларнинг ечимини топишга қаратилди.

Тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирликлар, идоралар ва мутассадди ташкилотларнинг вакиллари, тадбиркорлар, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Баҳром Ниёзматовнинг таъкидлашича: - Ўтган қисқа давр ичида иқтисодиёт соҳасида 500 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, уларнинг асосий қисми тадбиркорликнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш ҳамда соҳани ривожлантиришга қаратилганлиги билан эътиборлидир. Хусусан, 2011 йилнинг мамлакатимизда “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб эълон қилиниши ва давлат дастурининг амалга оширилиши, давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси доирасида қатор тизимли ташкилий-хуқуқий тадбирлар амалга оширилди ва соҳа ривожига оид ўн бешдан ортиқ қонунлар, жумладан, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида” ва бошқа қонунлар қабул қилинди.

Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишга оид амалдаги маъмурий ва жиноий қонунчиликни янада либераллаштириш, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат органларининг тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлигини ошириш каби долзарб чора-тадбирларни ўзида мужассам этган 40 дан зиёд қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Шу билан бирга, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идораларининг ноқонуний қарорлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қилинган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик оқибатида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарни, натижада олинмаган даромадни тўлиқ ҳажмда қоплаш механизми қонуний асосда жорий этилди.

Шунигдек, тадбирда ишбилармонларимиз, фермерларимиз ўтган йилларда барча жабҳада катта тажриба тўплаб, бугун улкан натижаларга эришаётганлиги қайд этилди. Хусусан, юртимизда 2000 йилда 149 минг 300 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб, уларнинг сони 500 мингдан ортиб, ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,7% га етди, ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз иқтисодиёти 5,5 баробардан кўпроқ ўсиб, аҳолимизнинг реал даромадлари жон бошига ҳисоблаганда қарийб 9 баробар ошди, иш билан банд аҳолининг 77 фоизи ушбу соҳада меҳнат қилмоқда. Масалан, мустақиллик йилларида картошка етиштириш 7 марта, мева қарийб 4,1 карра, сабзавот 3 баробар, сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,7 марта ўсди. 180 турдан зиёд сархил мева-сабзавотлар ҳамда уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган неъматлар дунёнинг 80 давлатига экспорт қилинмоқда.

Буларнинг барчаси истиқлолнинг илк йиллариданоқ тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, бу йўлда зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилгани самарасидир.

Тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқий ҳимояси кафолатларини кучайтириш асосида улар учун солиқ юкини янада камайтириш, қўшимча имтиёз ҳамда преференциялар бериш масаласига комплекс ёндашилаётганлиги таъкидланди. Охирги 15 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун солиқ ставкалари етти баравардан зиёд пасайтирилганлиги, рухсат беришга оид 80 та тартиб-қоида, шунингдек, лицензияланадиган фаолият турларининг 19 таси бекор қилинганлиги таъкидлаб ўтилди. Соҳа вакилларининг коммуникация тармоқларига уланиш шартлари соддалаштирилганлиги, кредит ресурсларидан фойдаланиш имконияти кенгайтирилганлиги, маҳсулотларини экспорт қилишга кўмаклашиш бўйича самарали механизмлар амалиётга татбиқ этилганлиги эътироф этилди.

Йиғилиш давомида амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар фаолияти давомида ҳали ҳам ўз ечимини кутаётган масалалар борлиги иштирокчиларнинг эътибор марказида бўлди.

Хусусан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчиларга ер ажратиш, гаров билан боғлиқ масалаларни ечиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозимлигига тўхталиб ўтилди. Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада оширишга ҳам давлат бошқарув органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатларнинг ошкоралигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини тубдан ошириш, экспортга маҳсулот чиқарадиган корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятидаги иштирокини ҳар томонлама рағбатлантириш устувор аҳамиятга эга эканлиги депутатлар томонидан яна бир бор қайд этилди.

Тадбир давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли вазирлик, идора ва ташкилот вакилларидан жавоблар олишди. Шу билан бир қаторда қонунчиликка ўзгартиш ва қўўшимчалар киритиш юзасидан ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

Йиғилиш якунида муҳокама этилган масалалар бўйича Қўмитанинг тавсиялари қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг