Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Айни кунларда Наманган ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимлиги ва вилоят тадбиркор доиралари вакиллларидан иборат мамлакатимиз делегациясининг Ҳиндистонга ташрифи амалга оширилмоқда.
Ташриф 10 май куни Ҳиндистоннинг йирик молия ва бизнес маркази ҳисобланган Мумбай шаҳридаги етакчи компаниялар билан музокаралар ўтказиш билан бошланди.
Куннинг иккинчи ярмида Мумбай Жаҳон савдо маркази биносида Наманган ва Қашқадарё вилоятлари иқтисодий салоҳиятига бағишланган бизнес-форум ўтказилди. Мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси, тегишли вилоят ҳокимликлари, Ҳиндистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда 150 дан ортиқ ҳинд компаниялари вакиллари, тадбиркорлар иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларининг асосий қисмини Мумбай шаҳри ва Махараштра штатида жойлашган фармацевтика, соғлиқни сақлаш соҳаси, текстиль, кимё саноати, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, машинасозлик, қурилиш, туризм ва бошқа турли йўналишдаги компаниялар вакиллари ташкил қилди.
Форумда Наманган ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари томонидан вилоятларнинг иқтисодий салоҳияти, инвестицион жозибаси хусусида батафсил тақдимот берилди.
Бундан ташқари, “Косонсой-Фарм” эркин иқтисодий ҳудуди вакиллари ҳудудда хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар бўйича атрофлича ахборот берди.
Форумнинг иккинчи қисмида В2В учрашувлар ўтказилди ва соғлиқни сақлаш, фармацевтика, текстиль, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ва бошқа қатор йўналишлар бўйича келишувларга эришилди.
Вилоятлар делегациясининг Ҳиндистонга сафари давомида Маҳараштра штатида жойлашган Махсус иқтисодий ҳудудлар фаолияти билан танишиш, Гужарат штатида ва Деҳли шаҳрида икки томонлама учрашувлар ўтказиш, ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюриш кўзда тутилган.