Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Маданият 01/05/2012 Москвада ўзбек маданияти кечаси – анъаналарга эҳтиром
Москвада ўзбек маданияти кечаси – анъаналарга эҳтиром
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Москвада анъанавий тарзда Фонд Форум томонидан ташкил этиладиган Ўзбек маданияти кечаси бўлиб ўтди. Кечада махсус лойиҳа — фотокўргазма тақдим этилиб, у аждодлар мероси, анъаналарга эҳтиром каби мавзуларга бағишланди. Ўзбек санъати ихлосмандлари, Россиядаги кенг жамоатчилик вакиллари тадбир меҳмонларига айланишди.

Москвада Ўзбек маданияти кечаси 9 йилдан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Тадбирга одатда ўзбек маданияти ва санъати ихлосмандлари ташриф буюришади.

“Метрополь” меҳмонхонасининг шинам залида ўтказилган Ўзбек маданияти кечасига машҳур сиёсатчилар, дипломатлар, тадбиркорлар, замонавий санъат, бизнес олами вакиллари, муҳаррирлар ва бошқалар ташриф буюришди. Миллий энергетика хавфсизлиги жамғармаси бош директори Константин Симонов, МДҲ давлатлари институти директор ўринбосари Владимир Жарихин, Москвадаги Карнеги маркази илмий кенгаши аъзоси Алексей Малашенко, “Сиёсат” жамғармаси президенти Вячеслав Никонов, Россия Фанлар академияси Иқтисодиёт университети директори Руслан Гринберг, Москва хорижий тиллар институти ректори, Россия табиий фанлар академияси академиги Эмма Володарская, Москва давлат тилшунослик университети ректори Ирина Халеева, Ксения ва Артур Чилингаровлар, “Русский силуэт” хайрия фонди президенти Татьяна Михалкова, дизайнер Елена Ярмак, A`la Russe директори Анастасия Романцова, de Grisоgono президенти Фаваз Груози, РФда хизмат кўрсатган мураббий Ирина Винер, режиссёрлар Егор Кончаловский ва Сергей Соловьев, артистлар Валерий Баринов, Валерия ва унинг турмуш ўртоғи Иосиф Пригожин ҳамда ўғли, хонанда Иракли Пирцхалава, дунё гўзали-2011 Алиса Крилова ва бошқа кўплаб меҳмонлар шулар жумласидандир.

Кечада Фонд Форум, GULI бренди ва ёш истеъдодли фотосураткаш Алихондан маҳсус лойиҳа тақдим этилди. Аждодлар мероси ва анъаналарга эҳтиром мавзусида намойиш этилган кўргазма фотографиялари образлар алмашинуви билан эътиборни тортади: ёш қаҳрамонлар кўз ўнгингизда катта авлод вакилиги айланар, ёки бунинг акси, кекса аёлларни аста-секин ёшлик латофати қуршаганини кузатиш мумкин. Бироқ уларнинг кийим-боши ўзгармайди, кўргазманинг асосий мақсади ҳам шу — авлодлар бир-бирини алмаштиради, бироқ анъаналар боқийдир. Истеъдодли актрисалар ва ўзбек киноси юлдузлари Клара Жалилова, Яйра Абдуллаева, Азиза Бегматова, Рихси Иброҳимова, Тўтти Юсупова, Дилноза Кубаева, Райҳон Уласенова ҳамда махсус саралашдан ўтган ёш моделлардан иборат жами 20 нафар аёл лойиҳада иштирок этди.

Лойиҳани амалга оширишда Фонд Форум ҳамда Ўзбекистон тарихи музейи, Ўзбекистон амалий санъат музейи, Тамара хоним номидаги уй-музей, Миллий санъат маркази ва коллекционерлар тўпламидан қадимий миллий либослар ва зеб-зийнатлардан фойдаланилди. GULI заргарлик брендининг замонавий кўринишдаги қадимий тақинчоқлари ўтмиш ва келажакни боғловчи ришта ролини ўтади. Меҳмонлар GULI тўпламида анъанавий ва замонавий шакл-шамойиллар уйғунлиги, Ғарб ва Шарқ чорраҳасининг гувоҳ бўлдилар.

Йиғилганларга замонавий ва миллий йўналишлар уйғунлашувидаги мусиқа ва рақслардан иборат мусиқий дастур ҳавола этилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг