Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 17/05/2024 Минтақамиз мамлакатлари фуқаросизликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтирмоқда
Минтақамиз мамлакатлари фуқаросизликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтирмоқда

17 май куни Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари вакиллари ўз мамлакатлари барча болаларнинг туғилганида рўйхатга олинишини таъминлаш тарафдори эканлигини яна бир бор тасдиқлаш учун Тошкент шаҳрида учрашдилар.

Мамлакатимиз пойтахтида фуқаросизликка барҳам бериш бўйича Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга бағишланган минтақавий конференция бўлиб ўтди. Ушбу тадбир БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича агентлиги томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Фуқаросизлик, яъни фуқароликка эга эмаслик – ҳеч бир давлат муайян шахсни ўз фуқароси деб тан олмайдиган ҳолат. Бу муаммо бутун дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар, жумладан, фақат Марказий Осиёнинг ўзидагина 37 мингдан ортиқ кишининг тақдирига таъсир кўрсатмоқда.

Фуқаролиги бўлмаган шахслар аксарият ҳолларда таълим олиш, муносиб ишга жойлашиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва эркин ҳаракатланиш каби асосий ҳуқуқлардан маҳрумдир. Шу маънода, боланинг туғилганлиги ҳолатини рўйхатга олиш унинг ҳуқуқий мақомини таъминлайдиган ва келгусида жамият тараққиётида фаол иштирок этиш имконини берадиган дастлабки ва энг муҳим қадамдир.

Бу ҳуқуқий мақомга эга бўлган шахслар солиқ ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий суғурта бадалларини қонун доирасида тўлаш имконидан фойдаланади. Қолаверса, ўз ҳамжамиятларининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшади.

– Биз ушбу конференцияни ўтказаётганимиздан ва минтақавий анжуман иштирокчиларини мамлакатимизнинг фуқаросизликка барҳам бериш мақсадида болаларнинг туғилганлиги ҳолатини рўйхатга олиш борасидаги самарадор амалиёти билан таништираётганимиздан фахрланамиз, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов. – Миллий қонунчиликка 2018 йили юртимизда туғилган барча болалар учун туғилганликни қайд этишни кафолатловчи ўзгартиришлар киритилди. Натижада сўнгги беш йилнинг ўзида фуқаролиги бўлмаган шахслар сони 75 фоиздан кўпроққа қисқаришига эришдик.

Конференция иштирокчилари туғилишни қайд этиш учун масъул ёки бу иш билан бевосита шуғулланадиган миллий маъмуриятлар вакилларидан иборат экани таҳсинга лойиқ. Бу ўринда, жумладан, минтақамиз мамлакатларининг ташқи ишлар, ички ишлар ва адлия вазирликлари, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари тадбирда фаол қатнашгани ҳақида сўз бормоқда.

БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи Ашита Миттал таъбири билан айтганда, “Ҳаммани шахсини тасдиқлайдиган юридик ҳужжатлар билан таъминлаш, шу жумладан, болаларга уларнинг туғилганлиги ҳақида расмий қайднома тақдим этиш масаласи 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларида мустаҳкамлаб қўйилган”.

Ашита Миттал хонимнинг эътироф этишича, Марказий Осиё мамлакатларининг фуқаросизлик ҳолатларини камайтириш ва йўқотиш бўйича саъй-ҳаракатлари муҳим натижалар берганлигини БМТ юқори баҳолайди. Бинобарин, бу ютуқлар мажбурий кўчирилган ва фуқаролиги бўлмаган инсонларнинг четда ёлғизланиб қолмаслиги ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга муносиб ҳисса қўшиши учун хизмат қилади.

Конференцияда 2014 йили БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси томонидан фуқаросизликка барҳам бериш учун #IBelong глобал кампаниясига старт берилгани таъкидланди. Жорий йилда якунига етаётган мазкур ўн йиллик кампания бутун дунё давлатларида фуқаросизликни камайтириш ва йўқотиш бўйича саъй-ҳаракатлар изчил кучайишига туртки бўлди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг