Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 31/05/2021 Миллий марказ жамоаси – «Шон-шараф» давлат музейида
Миллий марказ жамоаси – «Шон-шараф» давлат музейида

28 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасининг «Шон-шараф» давлат музейига Россия Федерацияси Давлат думаси Мудофаа масалалари бўйича қўмитаси раиси Владимир Шамановнинг совғасини топширди.

«Маршал Жуков» деб номланувчи ушбу бадиий қимматга эга нодир буюмлар мажмуи нафис дид билан ишлов берилган рангин ёғоч қутича ва мўъжаз эсдалик ручкадан иборат. Уни генерал В.Шаманов ўтган ҳафтада Ўзбекистон делегациясининг Россияга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан нашр этилган «Ғалаба боғи фалсафаси» китобининг Москва шаҳрида ўтказилган тақдимоти пайтида делегация раҳбари А.Саидовга берганди.

«Шон-шараф» давлат музейи директори, полковник Мухторжон Шокиров ноёб экспонат учун миннатдорчилик билдирар экан, ушбу қимматли туҳфа музейнинг хорижлик давлат ва жамоат арбоблари тақдим этган совғалар бўлимидан муносиб жой эгаллашини таъкидлади.

Музейга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари томонидан кейинги даврда айни мавзудаги мақолалар чоп этилган газеталар нусхалари ва китоблар ҳам тақдим этилди.

Шу куни Миллий марказ жамоаси «Шон-шараф» давлат музейи экспонатлари ва «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасининг бошқа кўплаб  монументлари билан танишдилар.

Маълумот учун: «Шон-шараф» давлат музейига 2020 йил октябрь ойидан то бугунги кунга қадар, коронавирус шароитига қарамай, 400 минг нафардан ортиқ зиёратчи ташриф буюрган.

Музейдаги экспонатларнинг жами сони 30 мингтага яқин бўлиб, шундан 12 мингтаси намойишга қўйилган. Бу тарихий ашёларнинг аксарияти юртдошларимиз – уруш иштирокчилари ва меҳнат фронти қатнашчиларининг оила аъзолари томонидан музейга туҳфа этилган.

Яқинда музейнинг нодир экспонатлари қаторидан академик А.Саидовнинг «Ғалаба боғи фалсафаси» китоби ҳам жой олди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг