Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 15/02/2023 Меҳнат бозори индекси қайси ҳудудларда яхшироқ?
Меҳнат бозори индекси қайси ҳудудларда яхшироқ?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари томонидан 2022-йил натижалари бўйича ҳудудий меҳнат бозори индекси (МБИ) ҳисоблаб чиқилди.

Меҳнат бозори индекси меҳнат бозоридаги ҳолатни баҳолаш ва мониторинг қилишда ёрдам берувчи индекс бўлиб, меҳнат бозорининг жорий ҳолатини бевосита акс эттирувчи 5 та кўрсаткични ўз ичига олади.

МБИни ҳисоблаш учун ишсизлик даражаси, мавжуд бўш иш ўринлари ва резюмелар сони, меҳнат бозоридаги концентрация коэффициенти ва ўртача ойлик маош миқдори каби кўрсаткичлардан фойдаланилди.

 Меҳнат бозори индексини ҳисоблаш натижаларига кўра, ҳудудлар индекс кўрсаткичлари юқори, ўрта, паст ва ўта паст бўлган тўртта гуруҳга бўлинди.

2022-йил якунларига кўра, индекс кўрсаткичлари юқори бўлган гуруҳга Тошкент шаҳри, Навоий ва Тошкент вилоятлари кирди. Бу ҳудудларда ишсизлик даражаси республика бўйича ўртача кўрсаткич (8,9%) дан паст – Тошкент шаҳрида 6,5%, Навоий вилоятида 8%, Тошкент вилоятида 8,8%.

Ўрта гуруҳга Бухоро, Андижон, Фарғона, Сирдарё, Хоразм, Наманган вилоятлари кирди. Бу ҳудудлардаги ўртача ойлик маош республика миқёсидаги ўртача кўрсаткичнинг 80% идан кам эмас. Меҳнат таклифи эса нисбатан ўртамиёна, яъни битта бўш иш ўрнига ўрта ҳисобда 5,6 та резюме тўғри келади. Ишсизлик даражаси 9,1% дан ошмайди. 

Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси индекс кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудлар қаторига киради. Ушбу ҳудудларда энг юқори концентрация коэффициенти кузатилди, яъни битта бўш иш ўрнига Қорақалпоғистон Республикасида 17,4 та, Сурхондарёда 14,1 та, Жиззах вилоятида 12,0 та резюме тўғри келади.

Қашқадарё вилоятида меҳнат бозори индекси жуда паст, аниқроғи 2,2 ни ташкил этди. Бунинг асосий сабаби ҳар бир бўш иш ўрнига 16,8 нафар талабгор тўғри келиши, яъни бўш иш ўринлари сони иш қидираётганлар сонидан анча кам ва ўртача ойлик маош республикадаги ўртача кўрсаткичдан анча паст эканлигидир.

2022-йилда «маҳаллабай» ишлаш тизимига ўтилиши ва ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳудудлардаги ишсиз фуқароларнинг катта қисмини рўйхатга олиш ва уларнинг резюмеларини Миллий вакансиялар базасига (ish.mehnat.uz) киритиш имконини берди. Бу эса ўз навбатида ишсиз аҳолини фаол иш қидирувчи ҳолатига ўтказиб, Тошкент шаҳридан ташқари барча ҳудудларда МБИ кўрсаткичларининг 2021-йилдагига нисбатан пасайишига олиб келди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг