МДҲ ички ишлар вазирлари жиноятчилик ва кибертаҳдидларга қарши курашда ҳамкорликни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Кенгаш мажлисида мамлакатимиз қаторида Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон республикалари ҳамда Туркманистон ва Россия Федерацияси ички ишлар вазирликлари делегациялари, шунингдек МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли жиноятларга қарши курашишни мувофиқлаштириш Бюроси директори, МДҲга аъзо давлатларнинг терроризмга қарши кураш Маркази раҳбари ва МДҲ Ижроия қўмитаси масъуллари иштирок этдилар.
Кун тартибига мувофиқ томонлар, МДҲ аъзо давлатларнинг ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигининг устувор масалалари ва жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги давлатлараро дастурларни ижросини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, томонлар МДҲга аъзо давлатларнинг ички ишлар вазирликлари ўртасида эксперт-криминалистика фаолияти соҳасида ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида содир этиладиган жиноятларга қарши курашишда ахборот алмашинувини ривожлантириш, МДҲга аъзо давлатларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида олий таълим ва қўшимча таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш соҳасини ривожлантириш ҳамда ноқонуний миграцияга қарши курашишда ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари борасида унумли музокаралар ўтказдилар.
Тадбир сўнгида делегациялар раҳбарлари томонидан Кенгаш доирасида қабул қилинган қарорлар ҳамда Кенгашга раислик қилувчи томонидан йиғилиш баённомаси имзоланди.
Шунингдек, нуфузли тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг Россия Федерацияси ҳамда Беларусия ички ишлар вазирлари билан алоҳида равишда икки томонлама учрашувлари ташкил этилди.
Учрашувларда томонлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини, жумладан трансмиллий уюшган жиноятчилик, терроризм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси ҳамда ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш масалаларида фикр алмашдилар, шунингдек мазкур соҳаларда кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда ҳамкорлик алоқаларини такомиллаштириш бўйича истиқболли режаларни муҳокама қилдилар.
Тадбирлар дўстона ва конструктив руҳда ўтган бўлиб, томонлар келгусидаги алоқаларни институционал даражада ривожлантиришга, амалий натижаларга йўналтирилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар.