Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 03/10/2016 Марказий сайлов комиссиясининг онлайн мажлиси
Марказий сайлов комиссиясининг онлайн мажлиси
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йилнинг 3-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолари, сайловда иштирок этувчи сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов олиб борган мажлисда мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларини тузиш масаласи, шунингдек, сайловга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бошқа масалалар кўриб чиқилди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.

Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш тўғрисидаги тақдимномасини кўриб чиқиб, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 44 та сайлов участкасини тузиш ҳамда уларни 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Мажлисда сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш бўйича Марказий сайлов комиссияси ҳузурида ишчи гуруҳлари тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ишчи гуруҳларининг асосий вазифаси “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 24²-моддасига асосан белгиланган муддатда имзо варақалари қонун талабларига мувофиқлиги ҳақида хулосалар беришдан иборатдир.

Мажлисда 2-Андижон ва 12-Хоразм округ сайлов комиссиялари раисларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарликнинг бориши ҳақидаги ахборотлари ҳам эшитилди.

Комиссия аъзолари Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилган оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласини ҳам кўриб чиқдилар. Таъкидланганидек, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, жамоатчиликни сайлов кампаниясининг барча босқичлари хусусида ўз вақтида хабардор қилишда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Шу вақтга қадар мамлакатимиз ва хорижий босма ҳамда электрон оммавий ахборот воситаларида сайлов кампанияси билан боғлиқ икки мингдан зиёд материаллар эълон қилинди.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Кўрилган масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг