Айни дақиқаларда МСК матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
«Президент сайловини катта қизиқиш билан кузатиб ва ўрганиб борган халқаро ташкилотларнинг миссиялари, хорижий давлатларнинг мингга яқин кузатувчилари, юзлаб чет эллик журналистлар мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва амалиётида қисқа муддат ичида амалга оширилган муҳим ўзгаришни алоҳида эътироф этдилар. Ўзбекистонда эркин демократик сайловларни ўтказишга қодир замонавий ва барқарор миллий сайлов тизими яратилган».
Зайниддин Низомхўжаев, Марказий сайлов комиссияси раиси:
«Ўзбекистон Республикаси бўйича сайловчиларнинг умумий сони – 20 миллион 158 минг 907 нафар;
Округ сайлов комиссияларига юборилган сайлов бюллетенларининг умумий сони – 20 миллион 259 минг 701 та;
Сайлов бюллетенларини олган сайловчилар сони – 16 миллион 212 минг 343 нафар;
Фойдаланилмаган ва бузиб қўйилиб, бекор қилинган сайлов бюллетенларининг умумий сони – 4 миллион 47 минг 358 та;
Овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг умумий сони – 16 миллион 212 минг 343 нафар бўлиб, шундан муддатидан олдин овоз беришда иштирок этганлар - 421 минг 176 нафарни ташкил этди».
«Пандемия туфайли юзага келган мураккаб шароитга қарамасдан, жорий йилнинг 24 октябрида илк бор Сайлов кодексига биноан, муқобиллик асосида, демократик руҳда, очиқ-ошкора ўтган Президент сайловида 16 миллиондан зиёд ёки 80,4 фоиз сайловчининг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, овоз бергани – жаҳон тарихидаги ноёб ҳодисадир».