Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 07/06/2024 Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бермаганлик учун жавобгарлик белгиланди
Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бермаганлик учун жавобгарлик белгиланди

Бугун, 7 июнь куни Адлия вазирлиги Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда «Манфатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуннинг мазмун-моҳияти, янгиликлари ва аҳамиятини тушунтиришга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов, агентлик директори Акмал Бурхановлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, мазкур Қонун манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тўғридан тўғри тартибга солишга қаратилган. 

Қонунда қуйидагилар белгиланган:

манфаатдорликка йўл қўймаслик, мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш, шахсий манфаатларини кўзлаб бошқаларни ҳаракат (ҳаракатсизликка)

мажбурламаслик бўйича ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

Бунда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ходимлар томонидан ошкор этиш икки шаклда, яъни мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома бериш ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация тўлдириш орқали амалга оширилади.

- ходимга алоқадор шахслар давлат органи ёки бошқа ташкилот билан муносабатларга киришганда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича декларация тўлдириш мажбуриятлари белгиланди.

Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни давлат томонидан тартибга солишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги махсус ваколатли давлат органи сифатида белгиланди.

Ўз навбатида, давлат ташкилотлари, уларнинг одоб-ахлоқ комиссиялари, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ва кадрлар билан ишлаш бўлинмалари манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишда ички назорат вазифаларини амалга оширади.

Манфаатлар тўқнашувини бир қатор ахборот манбааларидан аниқлаш йўли билан амалга ошириш белгиланди. Мисол учун: тижорат ташкилотларининг аффилланган шахслари ва якуний наф олувчилари (бенефициарлари) рўйхатларидан; “Ягона миллий меҳнат тизими” Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан ва бошқалар.

Манфаатлар тўқнашуви вазиятларини тартибга солиш бўйича бир қатор чоралар белгиланди. Мисол учун, коллегиал орган таркибидан ихтиёрий равишда ўзини ўзи рад этиши орқали ёки мажбуран четлаштириш чораларини кўриш орқали манфаатлар тўқнашувининг олди олинади.

Давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестри юритилади. Унда хабар берилган, аниқланган ҳамда тартибга солинган манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотлар киритиб борилади.

Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бермаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима белгиланди.

Агарда ушбу хатти-ҳаракатлар бир йил давомида такроран содир этиладиган бўлса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима қўлланилишига сабаб бўлади.

Шунингдек, мансабдор шахслар томонидан мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўрмаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима белгиланди.

Агарда ушбу хатти-ҳаракатлар бир йил давомида такроран содир этиладиган бўлса, ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима қўлланилишига сабаб бўлади.

Бунда маъмурий баённома расмийлаштириш билан боғлиқ вазифалар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан амалга оширилади.

Бундан ташқари, коррупция ва манфаатлар тўқнашувига йўл қуйилган ҳолда тузилган битимлар суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади ҳамда битим бўйича барча олинган фойда давлат даромадига ўтказилади.

Қонун билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди. 

Анжуманда Агентлик директори Қонуннинг қабул қилиниши зарурати ҳамда Агентликнинг соҳадаги ваколатлари хусусида тўхталиб ўтди. 
Қайд этилишича, 2022-2023 йилларда давлат харидлари бўйича 4,5 мингта 573 млрд сўмлик шартномалар манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган. 

Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизматлари томонидан тизим ташкилотларида 141 млрд сўмлик 2 720 та шартнома ҳақиқатда манфаатлар тўқнашуви мавжуд ҳолатда тузилганлиги, 9 та шартнома 3 млрд сўмга қиммат нархларда имзоланганлиги аниқланган. 1,5 минга яқин ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва ҳоким ёрдамчилари тадбиркорлик субъектларининг бошқарув органларида иштирок этаётганлиги аниқланган.

“E-anticor.uz” платформасида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи электрон модуль ишга туширилади. Манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестри, мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг намунавий шакллари ишлаб чиқиб тасдиқланади. Халқаро ва бошқа расмий тадбирларда давлат хизматчилари қабул қилган совғалар тўғрисидаги электрон реестр шакллантирилади. 

Манфаатлар тўқнашуви юзасидан зарур ўқитиш ва тушунтириш ишлари амалга оширилади. Жумладан, манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари, уларни бартараф этиш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқилади. Шунингдек, рўйхатдаги давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида манфаатлар тўқнашуви бўйича билим ва кўникмаларини баҳолаш учун онлайн тест синовлари ўтказилади.

Матбуот анжумани давомида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг