Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Маданият 18/10/2016 Мамлакатимизда Корея Республикаси фестивали давом этмоқда
Мамлакатимизда Корея Республикаси фестивали давом этмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимизда Корея Республикаси фестивали давом этмоқда Фестиваль доирасида “Туркистон” саройида Жанубий Корея мусиқа санъати намуналаридан тузилган концерт бўлиб ўтди. Мусиқий кечага турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотлар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилот ва дипломатик корпус вакиллари, талаба-ёшлар таклиф этилди.

Истиқлол йилларида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Бунда икки давлат раҳбарлари имзолаган муҳим ҳужжатлар ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар ривожида маданий-маърифий алоқалар алоҳида аҳамият касб этади. Корея Республикаси фестивали бунга ёрқин мисолдир.

Мусиқий кечада Жанубий Кореянинг «Sookmyung Gayageum» оркестри ҳамда «Last for one» замонавий рақс гуруҳининг дастури намойиш этилди, деб хабар беради ЎзА.

Икки қисмдан иборат ушбу концертда дастлаб Корея Республикасининг анъанавий каягим чолғусида корейс, ўзбек ва жаҳон композиторларининг асарлари ижро этилди.

Концертнинг иккинчи қисмида замонавий рақснинг «би-бой» услубида ижод қилаётган гуруҳ дастури томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

– Ўзбек халқи санъатни ғоят теран англаши, унга ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлишини биз яхши биламиз, – дейди Жанубий кореялик санъаткор Чонг Сан Хи. – Юртингиздаги осойишталик, тинчлик, шаҳарларнинг файзи ва кўркамлиги, ҳавонинг мусаффолиги, меҳридарё халқингизнинг самимияти, меҳмондўстлиги бизни ғоят мафтун этди.

* * *

Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган Жанубий Корея кино санъати фестивали юртимиз кино мухлисларини ўзига чорлади.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Отабек Мусаев, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У ва бошқалар халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашда санъатнинг ўрни беқиёс эканини алоҳида таъкидлади.

Жанубий Корея киноижодкорларининг фестиваль учун тақдим этган фильмлари мазмунан ранг-баранг. «Отамга бағишлов» бадиий фильми оилавий қадриятлар ҳақида ҳикоя қилиб, отанинг фарзандлар камолоти, тарбияси, орзу-интилишларидаги ўрни нечоғли муҳимлиги ҳақида ҳикоя қилади.

Тарихий мавзудаги «Детектив К» фильмидаги воқеалар 1790-йилларни акс эттириб, Чосон қироли Чонг-дзенинг жиноятчилар кирдикорларини фош этиши ҳақида ҳикоя қилади.

Фестиваль дастуридан ўрин олган «Ҳимолай» фильми альпинистларнинг машаққатли касби, жасорати, ирода ва қатъиятидан сўзласа, «Мени тут» бадиий фильмида криминалистика соҳасида ишлаётган ёш йигитнинг кутилмаган воқеаларга бой саргузаштлари томошабинни ҳаяжонга солиши табиий.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг