Малакали ҳакамлик судьялари корпуси шаклланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда ҳакамлик судлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди.
Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш жараёнида ундаги айрим нормалар юзасидан депутатлар томонидан бир қатор таклифлар берилган эди. Ушбу таклифлар масъул қўмита ва ишчи гуруҳ аъзолари томонидан чуқур таҳлил қилиниб, улар асосида лойиҳа матни такомилига етказилди.
Хусусан, доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судининг таркибида 5 нафар ҳакамлик суди бўлиши лозимлиги тўғрисидаги талаб келгусида ҳакамлик судини ташкил этишда муаммолар келтириб чиқариши, айниқса, узоқ ҳудудлардаги ҳакамлик судларига 5 нафар ҳакам тўплашда қийинчилик туғилиши мумкинлиги ҳисобга олиниб, қўмита томонидан 3 нафарга қисқартирилди.
Қонун лойиҳаси билан давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳакамлик битими тарафлари бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.
Ҳакамлик судлари томонидан ер билан боғлиқ, бино ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳамда бюджетдан пул ундириш билан боғлиқ низолар ҳал этилмаслиги назарда тутиляпти.
Шу билан бирга, эндиликда доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ташкил этилиши ва унинг ҳузурида фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар ҳакамлик судлари фаолиятини ташкил этишнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, малакали ҳакамлик судьялари корпусининг шаклланишига хизмат қилиши қайд этилди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.