Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 23/03/2017 Маҳаллийлаштириш: имконият ва истиқбол
Маҳаллийлаштириш: имконият ва истиқбол
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш иқтисодиётни янада барқарор ва изчил ривожланишида, унинг ташқи омилларга тобелигини пасайтиришда, ишлаб чиқариш жараёнларига янги самарали технологияларнинг татбиқ этилишини жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистонда саноатни маҳаллийлаштириш масалаларига иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида қаралиб, маҳаллий хомашё ва ишлаб чиқариш заҳираларидан кенг фойдаланиш, шу аснода замонавий рақобатбардош маҳсулот тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини оширишда соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳам ўзига хос ўрни бор.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг ташаббуси билан Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан «Тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳолати, амалиёти ва истиқболлари» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, тегишли мутасадди вазирликлар, қўмиталар ва ташкилотларнинг вакиллари, соҳа экспертлари ва олимлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича қабул қилинаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида 2010-2016 йилларда 1948 та маҳаллийлаштириш лойиҳалари амалга оширилгани, натижада 7,6 млрд. АҚШ доллари миқдорида импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрлангани таъкидлаб ўтилди.

Мазкур саъй-ҳаракатлар туфайли ўтган давр мобайнида маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 3 марта ошгани нафақат иқтисодий манфаатдорликни таъминлаш, балки ижтимоий масалалар, яъни 13 мингдан зиёд янги иш ўрни яратишга хизмат қилганини алоҳида қайд этиш жоиз, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Қутлимурат Бабашев.

Йиғилиш иштирокчилари тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш соҳасидаги ижобий изчил ўсиш кўрсаткичлари юзлаб юксак технологияли саноат ишлаб чиқаришини яратишда, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўсиши ва ЯИМ ўсиш суръатларида, ички талаб шаклланиши ва бозорнинг зарур саноат ҳамда истеъмол товарлари билан тўлиши ва экспорт салоҳияти ортиб импорт ҳажмлари камайганида ўз аксини топганлиги ҳақида фикр юритишди.

Шу билан бирга, ушбу соҳанинг янада жадал ривожланишини таъминлаш учун айрим фойдаланилмаган захиралар ва имкониятларни ишга солиш зарурлиги таъкидланди. Жумладан, депутатлар маҳаллийлаштириш дастури хусусиятлари, дастур доирасида бериладиган солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференциялари, дастурга киритиш механизмлари ҳақида тадбиркорлик субъектларини кенг хабардор қилиш лозимлигига эътибор қаратдилар. Ишлаб чиқаришни ташкил этишда ва маҳсулотни реализация қилишда ортиқча техник тўсиқларни бартараф этиш, маҳсулотларни маҳаллийлаштириш жараёнида тадбиркорларда пайдо бўлаётган масалаларни янада тезкор ечиш муҳимлиги таъкидланди.

Давра суҳбати якуни бўйича муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг