Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 05/11/2020 Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг бюджет ижроси устидан назоратини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди
Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг бюджет ижроси устидан назоратини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди

 

4 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатида “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг бюджет жараёнидаги роли ва бюджет ижроси устидан депутатлик назоратини ташкил қилиш” мавзусида видеоконференцалоқа тарзида семинар бўлиб ўтди.

 

Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар)лар Кенгашлари депутатлари, парламент юқори палатаси девони ходимлари, иқтисодчи олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

Семинарнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев нутқ сўзлаб, мамлакатимизда маҳаллий бюджетларнинг мустақиллигини таъминлаш ҳамда уларнинг даромад манбаларини мустаҳкамлаш борасида бир қатор ислоҳотлар олиб борилаётганига урғу берди. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан маҳаллий бюджетларда шаклланган даромадларни ҳудудларда маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида тўлиқ қолдириш имконияти яратилганини таъкидлади.

 

Жорий йилнинг 19 октябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бюджетни шакллантиришда маҳаллий Кенгашлар ваколатларини янада кенгайтириш зарурлиги, бунда давлат идоралари томонидан амалга оширилган харажатлар таркиби ва натижадорлиги уларнинг расмий сайтларида эълон қилиниши доимий назоратга олиб борилиши таъкидлангани тўғрисида сўз юритилди.

 

Бундан ташқари, маҳаллий бюджетлар устидан самарали депутатлик назоратини олиб бориш механизми, бу борада қонунчилигимизда белгилаб қўйилган нормаларга урғу берилди. Хусусан, депутатлар, аввало, бюджет тизимига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни билишлари ҳамда ўзларининг ваколатларидан тўлақонли фойдаланишлари мақсадга мувофиқлиги билдирилди.

 

Таъкидланганидек, маҳаллий бюджет ижроси устидан депутатлик назоратини амалга оширишни учта, яъни дастлабки, жорий ва якуний назорат босқичларига ажратиш мумкин. Жумладан,

 

- дастлабки назорат – навбатдаги молиявий йил учун маҳаллий бюджет лойиҳасини муҳокама қилиш ва қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

 

- жорий назорат – маҳаллий бюджет ижросини Кенгаш доимий комиссияси йиғилишида кўриб чиқиш ҳамда сессия муҳокамасига олиб чиқиш;

 

- якуний назорат – маҳаллий бюджетнинг молиявий йил якуни бўйича ижроси ҳақидаги ҳисоботни эшитиш, муҳокама қилиш ҳамда тегишли қарор қабул қилиш.

 

Бу эса навбатдаги йил учун ишлаб чиқилган маҳаллий бюджет лойиҳасининг бюджет ва бошқа қонунчиликка мувофиқлигини аниқлаш, маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатлари режасининг объективлигини таҳлил қилиш, энг муҳими, аҳоли томонидан кўтарилаётган, уларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни ҳал этиш масалаларининг бюджет лойиҳасида кўзда тутилганлигини кўриб чиқиш мақсадларига хизмат қилади.

 

Шу билан бирга, бюджет ижроси бўйича депутат сўрови депутатлик назоратини амалга оширишнинг энг муҳим ва зарурий шаклларидан ҳисобланиши тўғрисида сўз юритилди.

 

Қайд этилганидек, депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш талаби билан депутат сўровини юборишга ҳақли.

 

Яна бир жиҳат. Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши, камомад ва ўзлаштиришлар, ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тез-тез ёритилиб, жамоатчилик томонидан кенг муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлмоқда.

 

Жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 8 млрд. сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинган.

 

Депутатлик назоратининг таъсирчан воситаларидан яна бири – маҳаллий бюджет, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси юзасидан масъул мансабдор шахсларнинг белгиланган муддатларда ҳисоботларини эшитиб бориш ҳисобланади.

 

Таъкидланганидек, 2020 йил 9 ойлик Давлат бюджети даромадлари тушуми 94 457,2 млрд. сўм бўлиб, белгиланган 91 795,9 млрд. сўм прогноз 102,9 фоизга ёки 2 661 млрд. сўмга ошириб бажарилди. 2019 йил мос даври билан солиштирилганда, 15 297,4 млрд. сўмга ўсди.

 

2020 йил январь-сентябрь ойларида маҳаллий бюджетлар даромадлари 19 973 млрд. сўмни ташкил қилиб, маҳаллий бюджетлар ихтиёрида прогноздан ташқари 2 191,5 млрд. сўм маблағ қолди.

 

Жорий йил якунида тушумлар тасдиқланган 128,5 трлн. сўм эмас, балки 129,6 трлн. сўмни ташкил этиши ёки 1 трлн. сўм ортиқ бажарилиши билан кутилмоқда.

 

2021 йилги бюджетда Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси учун қўшимча вазифалар, шу жумладан, яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича ишларни ташкил этиш белгиланган.

 

Маҳаллий бюджетларнинг базавий тушумларини таъминлаш мақсадида 2021 йилдан бошлаб, цемент хом ашёси бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқлар тушумлари маҳаллий бюджетларда қолдириш таклиф этилмоқда.

 

Шунингдек, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлар ставкалари 15 фоизга индексация қилиш кўзда тутилган.

 

Шу билан бирга, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғининг ўсиши 2020 йилга нисбатан 1,3 баробардан кўпроқ ўсишига йўл қўйилмасилиги тартиби сақланиб қолади.

 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мустақиллигини ошириш мақсадида уларга 2021 йилдан бошлаб туманлар ва шаҳарлар кесимида қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун ер солиғи ставкаларини ҳудуднинг иқтисодий ривожланишига қараб Солиқ кодексида белгиланган солиқ ставкалари асосида 0,5 дан 2 коэффициентигача ставка белгилаш ҳуқуқи берилади.

 

Туман (шаҳар) кенгашлари эса ҳар йил ўз ҳудудларида жойлашган нуфузли ҳудудларнинг чегараларини белгилаш ва туман ва шаҳар даражасида нуфузли ҳудудларга (квартал, массив, маҳалла, кўча) қараб, белгиланган ер солиғи ставкаларига 0,7 дан 1,3 гача камайиш ва ўсиш коэффициентларини киритишлари мумкин.

 

Ўз навбатида, бюджет маблағлари ишлатилиши устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратининг мавжудлиги Давлат бюджети маблағларининг ишлатилишида шаффофликни таъминлаш ва маблағлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

 

Семинарда Давлат бюджетини тузиш, кўриб чиқиш ва  қабул қилиш тартиблари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг бюджет жараёнидаги роли ва бюджет устидан депутатлик назоратини ташкил қилиш, Республика ва маҳаллий бюджет даромадларини шакллантириш жараёнлари ҳамда уларнинг харажатларини режалаштириш ва ижро жараёнлари, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромад манбалари каби масалаларга урғу берилди.

 

Шунингдек, бюджет маблағлари ишлатилиши устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратининг ўрнатилиши борасида қилинадиган ишлар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг