Йиғилишда жорий йил 16-17 февраль кунлари давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи давомида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Маълумки, ўшанда вилоят иқтисодиётини ҳар томонлама ривожлантириш, янги саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш, маҳаллийлаштириш даражаси ва экспорт ҳажмини ошириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш, қишлоқ хўжалигини таркибий ўзгартириш, янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар қуриш бўйича кўплаб топшириқлар берилган эди. Бунинг учун зарур маблағ ва ресурслар ажратилди.
Йиғилишда мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ишлар кутилган даражада эмаслиги жиддий танқид қилинди. Муддатидан кечикаётган ёки бажарилмаётган лойиҳалар кўрсатиб ўтилиб, бунинг сабаблари муҳокама этилди.
Шавкат Мирзиёев белгиланган вазифаларни бажаришда сусткашликка йўл қўяётган мутасаддиларни жиддий огоҳлантирди. Барча режалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, «аравасини тортолмаган» раҳбарларга нисбатан қатъий чоралар кўриш бўйича топшириқлар берди.