Лондонда “Ўзбекистон инвесторлар куни” бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 26-27 март кунлари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида “Raiffeisen Bank International” ва “Finasia Capital” томонидан ташкил этилган “Ўзбекистон инвесторлар куни” тадбирларида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, “Uzassets” AЖ, давлат ташкилотлари ва тижорат банклари вакиллари иштирок этди.
Тадбир доирасида йирик инвестиция, молиявий активларни бошқарувчи халқаро компаниялар ва инвестиция банклари, халқаро рейтинг агентликлари билан учрашувлар ўтказилди. Учрашувларда мамлакатда амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар, макроиқтисодий кўрсаткичлар, банк тизими, молиявий барқарорлик, ташқи сектор статистикаси, инфляция назорати, халқаро захираларни бошқаришга оид масалалар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, давлат улушига эга тижорат банклари томонидан амалга оширилаётган трансформация жараёнлари, 2024 йилдаги фаолиятнинг молиявий натижалари ва 2025 йилга мўлжалланган ривожланиш стратегияси юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Музокаралар якунида келгуси ҳамкорлик истиқболлари ва инвесторлар билан мунтазам учрашиб боришга келишилди.