Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014-йил 19-сентябрь ПҚ-2237 сонли «Ахборот тизимлари ва дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқиш соҳасига чет эл инвестициясини жалб қилиш тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ, Корея Республикасининг «LG CNS» компаниясининг катта тажрибаси ва кенг имкониятларини ҳисобга олиб, «LG CNS Uzbekistan» Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси ташкил этилган эди.
Қўшма корхона фаолиятининг асосий йўналиши дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш, аппаратли-дастурий комплексларни ўрнатиш ва жорий этиш, шунингдек, «Электрон ҳукумат» тизими ва иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари учун лойиҳа ва техник ҳужжатларни шакллантириш бўлиб ҳисобланади.
Учрашув мобайнида томонлар «LG CNS Uzbekistan» қўшма корхонаси томонидан айни пайтда амалга оширилаётган лойиҳалар ва истиқболдаги ривожи хусусида фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Хусусан, халқаро андаза талабларига жавоб берадиган дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, корхонага малакали мутахассисларни жалб этиш ва маҳаллий кадрлар салоҳиятини ошириб бориш, хорижий бозорга чиқиш билан боғлиқ жиҳатлар юзасидан фикр алмашилди.
«LG CNS» Компаниясига 1987-йилда «LG» корпорацияси томонидан асос солинган. Жанубий Кореянинг ахборот технологиялари хизматларини кўрсатиш соҳасида энг йирик компанияси бўлиб ҳисобланади. Компания бутун жаҳонда 10 дан ортиқ минтақавий офисларига эга ҳамда унда фаолият юритувчи ходимларининг сони 10 мингдан ортиқ. «LG CNS» компанияси ахборот технологиялари, консалтинг, тизимли ва тармоқ интеграцияси, бизнес-жараёнлари ва ахборот технологиялари аутсорсинги соҳасида ихтисослашган.