Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 17/11/2016 Кучли иқтисодиёт - миллий хавфсизлигимиз кафолати
Кучли иқтисодиёт - миллий хавфсизлигимиз кафолати
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва кейинги йилларда эришилган иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Маълумки, Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига мувофиқ, Ўзбекистон 2014-2015-йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017-йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олган. Охирги 11 йил ичида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг ўртача йиллик ўсиши 8 фоиздан кам бўлмай келмоқда. 2017-йилги Давлат бюджетида ҳам ялпи ички маҳсулот – 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари – 6,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 6,2 фоизга ва капитал қўйилмалар – 9,6 фоизга ўсиш мўлжалланмоқда.

Сайловолди дастурида миллий валютамиз, ички бозордаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бунда ички бозорни мумкин қадар тезроқ истеъмол моллари билан тўлдириш орқали миллий валютамизни товарлар билан барқарор таъминлаб бериш, мамлакатнинг экспорт имкониятини янада кенгайтириш ва унинг жаҳон бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш орқали барқарор валюта захираларига эга бўлишга эришиш ғоят муҳим вазифа ҳисобланади.

Сайловолди дастурида тармоқ ва ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш ҳисобидан маҳаллий бюджетнинг даромад базасини кенгайтириш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилади. Негаки, туман ва шаҳарларда маҳаллий бюджетлар имкониятларининг кенгайиши – шу ҳудудларда яшайдиган аҳолининг турмуш даражаси ва шароитлари яхшиланишига, умуман барқарорлик ва осо¬йишталикка хизмат қилади. Чуқур таҳлиллар асосида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусият ва имкониятлари, талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган, ҳар бир маҳаллани назарда тутган ҳолда, 2017–2021-йилларда туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастурларини қабул қилиш режалаштирилмоқда. Бу дастурларни амалга ошириш натижасида субвенция оладиган 81 та туман молиявий жиҳатдан ўзини ўзи тўлиқ таъминлайдиган ҳудудга айланади, шунингдек, 41 та туман ва шаҳар бўйича субвенция даражаси сезиларли равишда камаяди. Биргина 2017-йилнинг ўзида жойларда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали Қорақалпоғистон Республикаси субвенциядан чиқарилади, 123 та субвенция оладиган туман ва шаҳарлар 89 тага камайтирилади. Бундан ташқари субвенция даражасини тушириш мақсадида Жиззах вилоятида бу кўрсаткич 41 фоиздан 37,5 фоизга, Наманган вилоятида 39,4 фоиздан 35,8 фоизга, Сурхондарё вилоятида 42,4 фоиздан 39,8 фоизга ва Сирдарё вилоятида 26,4 фоиздан 22,4 фоизга туширилади. Бундан ташқари, Биринчи Президентимиз томонидан тасдиқланган бир қатор вилоятлар, Тошкент, Қарши, Шаҳрисабз, Термиз, Наманган, Урганч ва Гулистон шаҳарлари, шунингдек, Булунғур ва Нишон туманлари саноат салоҳияти ва инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги дастурлар ижросини таъминлаш, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш кўзда тутилган.

Партиямиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг сайловолди дастури шиорларидан бири: “Битта мақсад бизни бирлаштиради, у ҳам бўлса: Ватанимиз тараққиётидир!” Бу эзгу мақсад юртимиз эртасида ўз инъикосини топсин, мамлакатимиз келажакда дунёнинг энг тараққий топган давлатлари қаторида ўз муносиб ўрнига эга бўлсин, деган фуқароларни номзодимиз учун овоз беришга чақирамиз.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг