Корея ва Марказий Осиё мамлакатлари биринчи саммити 2026 йилга қолдирилди
(сурат: ИА Ориент)
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Республика Корея ва Марказий Осиёнинг беш давлати ўртасида 2025 йилда ўтказилиши режалаштирилган биринчи саммит 2026 йилга қолдирилди. Бу ҳақда Корея Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Пак Юн Жжу маълум қилди.
Дипломатнинг таъкидлашича, саммитни кейинги йилга кўчириш қарори Сеулдаги ички сиёсий ҳолат ва саммитда қатнашувчи давлатлар иш жадвалининг зичлиги билан боғлиқ. Унга кўра, барча томонлар турли вариантларни чуқур ўрганиб чиқишган, бироқ жорий йилда барчага мос келадиган вақтни келишиш имкони бўлмаган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу саммитни ўтказиш бўйича келишув 2024 йил ёзида, Жанубий Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёльнинг Марказий Осиёнинг уч давлатига қилган ташрифидан сўнг эришилган эди.
Кутилганидек, саммит Корея ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сиёсий мулоқот ва минтақавий шерикликни янги босқичга олиб чиқиши лозим эди.