Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 19/03/2019 Комилжон Алламжоновдан “Ko`ngil ko`zi” лойиҳаси. Имконияти чекланган инсонлар учун қандай шароитлар яратилади?
Комилжон Алламжоновдан “Ko`ngil ko`zi” лойиҳаси. Имконияти чекланган инсонлар учун қандай шароитлар яратилади?

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан “Ko`ngil ko`zi” лойиҳаси тақдимотига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирнинг мақсади – имконияти чекланган инсонларнинг ижтимоийлашуви учун қулай шарт-шароитларни яратиш, кўзи ожиз ва заиф кўрувчиларни ўқув, бадиий, илмий

ва бошқа адабиётлар билан таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда давлат органлари, жамоат бирлашмалари ҳамда халқаро тузилмаларнинг саъй ҳаракатларини бирлаштириш.

Давра суҳбатида дипломатик корпус, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, вазирликлар, идоралар, имконияти чекланган, жумладан кўришда муаммоси бўлган инсонлар билан ишлашга ихтисослашган давлат ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, шунингдек, кўзи ожизлар махсус мактаб-интернати ўқувчилари, журналистлар иштирок этди. Жами – 100 га яқин киши.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи Комилжон Алламжонов сўзга чиқиб, Ўзбекистонда ногиронлиги мавжуд инсонларнинг ижтимоий ҳимоясини кафолатловчи қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлигини таъкидлаб ўтди. Иимконияти чекланган инсонларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва реабилитациясига кўмак беришга қаратилган давлат ва жамоат тузилмалари фаолият юритмоқда. Ногиронлиги мавжуд инсонлар учун махсус мактаб-интернатлари ташкил этилган. Улардан 12 тасида 3 минг нафардан ортиқ кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар таҳсил олади. Бундай мактабларнинг фаолият юритиши ногиронларнинг тарбияси, умумтаълим ва касб-ҳунарга ўргатиш, кейинчалик эса уларнинг ишга жойлашишига кўмак беради. 

Ногиронларга қулай ҳаётни таъминлаш учун қўшимча шароитлар яратишни, шунингдек, бир қатор янгиликларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги муҳим воқеалардан бири бўлди.

Фармон билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, уларнинг таълим олиши, уларни махсус касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришни таъминлашни назарда тутувчи чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича 51 банддан иборат Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Муҳим янгиликлардан бири сифатида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда 2 фоизли квоталар киритилаётганлигини айтиш мумкин. Бу эса уларнинг олий маълумотга эга бўлишини таъминлаб, жамиятга мослашиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Ушбу соҳада олиб борилаётган ишларнинг мантиқий давоми Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 4151-сон қарорига мувофиқ “Кўзи ожизлар босмахонаси” корхонасининг матбаа ускуналарини модернизация қилиш, бинолари ва ишлаб чиқариш хоналарини таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган “Ko`ngil ko`zi» лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг тасдиқланлигидир.

Кўриш имконияти чекланган шахсларга ижтимоий соғломлашишга кўмак бериш, кўзи ожиз ва заиф кўрувчиларни, биринчи навбатда, болалар ва ёшларни керакли ўқув, бадиий, илмий ва бошқа адабиётлар билан таъминлаш учун қулай шароит яратишдан иборат.

Лойиҳанинг асосий вазифалари сирасига:

– кўриш қобилияти билан боғлиқ муаммолари бор инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларни ўқув, бадиий, илмий ва бошқа адабиётлар билан таъминлаш;

– “Кўзи ожизлар босмахонаси” корхонасининг моддий-техник ҳолатини яхшилаш, ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият юритишлари учун уларга зарур шарт-шароитларни яратиш киради.

Яқин келажакда Агентлик ушбу лойиҳа доирасида нафақат барча махсус мактаб-интернатларни зарур ўқув китоблари билан таъминлашни, балки ўқув материалларни тушунарли ва осон кўринишда етказиб бера оладиган “Ўргатувчи адабиёт”, А. Навоий, А. Қодирий, Чўлпон, Жомий каби адибларнинг машҳур асарларини ўзида жамлаган “Ўзбек адабиёти дурдоналари” туркум аудиокитобларини нашр этишни йўлга қўйишни режалаштирган.

Шунингдек, истиқболда кўриш борасида турли имкониятларга эга инсонлар ҳаётидан қизиқарли лавҳаларни ўз ичига олган “Ўзгача инсонлар” тўпламини чиқариш ҳамда кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун музейларга экскурсияларни ташкил этиш методикасини ҳаётга тадбиқ этиш, кўриш қобилиятида муаммолари бор инсонлар учун сенсорли (тактиль) жўғрофия хариталарини чиқариш кўзда тутилган.  

Тақдимот якунида мавзу доирасида баҳс ва мунозаралар бўлиб ўтди, унда иштирокчилар “Ko`ngil ko`zi” лойиҳасини амалга оширишда Агентлик билан ҳамкорлик ўрнатиш борасида ўз қизиқишларини билдиришди.

Наврўз байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан махсус мактаб-интернат ўқувчиларига совғалар топширилди. Болаларга аудио-эртакларни ўзида жамлаган колонкалар ҳамда Брайл шрифтида чоп этилган ўзбек эртаклари тўплами тақдим этилди.

Манба: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг